Кореяда ўзбекистонлик эркак 50 ёшли такси ҳайдовчисини дўппослади (видео)

3-саҳифа

−

image

Жанубий Кореяда таксичилик билан ноқонуний шуғулланиши айтилаётган ўзбекистонлик эркак унинг фаолияти ҳақида полицияга хабар қилмоқчи бўлган 50 ёшлардаги маҳаллий такси ҳайдовчисини калтаклашда гумонланмоқда. Бу ҳақда “MoneyToday” хабар берди.

Қайд этилишича, такси ҳайдовчиси – А. исмли шахс жорий йилнинг 18 октябрь куни эрталаб Кёнги вилоятининг Хвасон шаҳридаги гавжум кўчалардан бирида ўзбекистонлик Б. исмли эркак шахсий автомобилига йўловчиларни чиқариб, пул олаётганига гувоҳ бўлган.

А. автомобилидан тушиб, ноқонуний хизмат кўрсатишни тўхтатишни талаб қилган. Сўнг полицияга хабар бериш учун телефонини қўлига олганида, Б. унинг жағ қисмига мушти билан зарба берган. А. дарҳол ҳушини йўқотиб, ерга йиқилган.

Маҳаллий телеканалдаги янгиликлар кўрсатувида эълон қилинган видеорегистратор тасвирларида Б. ерда ҳушсиз ётган А.ни тепишда ва муштлашда давом этгани акс этган. Б. ҳеч қандай биринчи ёрдам кўрсатмасдан воқеа жойини тарк этган.

Кейинроқ ўзига келган А. телефони йўқолиб қолганини билиб, машинасидаги қўшимча телефон орқали полицияга хабар берган. Йўқолган телефон воқеа жойидан тахминан 40 метр узоқликдаги дўкондан топилган.

А. ўша пайтдаги воқеани эслай олмагани ва фақат видеорегистратор ёзувини кўргачгина ҳодиса тафсилотларини билганини айтган. Унга “мия чайқалиши” ташхиси қўйилган. У кучли бош айланиши ва қўрқув ҳисси сабабли таксичилик қилолмаётганини ва рўзғор тебратишда қийналаётганини билдирган.

А. ҳудуддаги ноқонуний таксичилик ҳолатлари бўйича бир неча бор мурожаат қилганини, аммо тегишли назорат тадбирлари амалга оширилмаганини таъкидлаган. Полиция далиллар етарли эмаслигини айтган бўлса, маҳаллий ҳокимият полициянинг ҳамкорлиги зарурлигини важ қилиб, масъулиятни бир-бирига ағдарган.

Маълумотларга кўра, ноқонуний хизмат кўрсатувчилар мижозларни Telegram ёки бошқа чатлар  орқали йиғиб, тўловни нақд пулда олади. Шунингдек, А. ушбу автомобилларнинг светофор қоидаларини бузиши, хавфли ҳайдаши ва меъёрдан ортиқ йўловчи ташиши тез-тез учраб туришини айтиб, хавфсизлик масаласидан хавотир билдирган. Хабар бериш учун зарур далилларни ўзи тўплашга уринганда яна калтакланишдан қўрқаётганини ҳам қўшимча қилган.

Эслатиб ўтамиз, Жанубий Кореяда босқинчилик ва қотиллик ҳамда бошқа айбловлар билан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган ўзбекистонлик 37 ёшли эркак Акмал Бозоров жорий йилнинг 16 октябрь куни озодликка чиқарилганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг