Корея ва Канадага юбориш ваъдаси билан одамларни “ухлатганлар” ушланди
3-саҳифа
−
05 июл 2652 1 дақиқа
Тошкент, Фарғона ва Андижон вилоятларида Корея ва Канадага ишга юборишни ваъда қилганлар ушланди. Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, департаментнинг Тошкент вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаро М.А. (муқаддам судланган) 2 нафар фуқарони Корея давлатига юбориши эвазига 12 000 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани аниқланган.
Департаментнинг Қувасой шаҳри бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаро Д.Р. фуқарони Корея давлатидаги олий таълим муассасасига ўқишга киритиши ва виза олиб беришини ваъда қилиб, 11 000 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани аниқланиб, ушбу пуллар ҳисобидан 200 АҚШ долларининг қайтарилиши процессуал тартибда расмийлаштирилган.
Департаментнинг Пахтаобод тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаро Х.М. (муқаддам судланган) 2 нафар фуқарони Канада ва Корея давлатларига кетишлари учун ҳужжатларини тайёрлаб бериши эвазига жами 4 945 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухоро вилоятида уч нафар фуқарони Германияга ишга юборишни ваъда қилиб, улардан қарийб 20 минг АҚШ доллари ва 2 миллион сўм олган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилганди.
Live
Барчаси