Контейнер уйга кўчиб ўтган ҳокимнинг остонасига хат ташлаб кетилди

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Наманган вилояти Норин тумани ҳокимининг яқинда Президент ташрифидан сўнг кўчиб ўтган контейнер уйи дарвозасига хат ёпиштириб кетилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ушбу хабарларга илова қилинган расмда хат мазмуни ҳам келтирилган.

“Ҳурматли ҳоким Жўрабек Нурматов, сизнинг қарорингиз туфайли биз оилавий уйсиз қолган эдик. Онам сарсон-саргардонликда вафот этди. Мен турмуш қурганман, укам эса ҳануз уйсиз, уйланолмай, ватан қилолмай юрибди. Ишонамизки, сиз қачондир ўз уйингизга қайтасиз, биз эса 13 йилдан бери қайтолмаяпмиз. Ҳурмат билан Қўлдошева Салима”, дейилади хатда.

Бугун, 24 сентябрь куни мазкур мактуб бўйича Норин тумани ҳокимлиги муносабат билдирди. Қайд этилишича, фуқаронинг хати юзасидан ҳокимлик ишчи гуруҳи ўрганиш олиб борган. Мурожаатчи фуқаро Салима Қўлдошева билан кўришиб, хат ёзиш сабаби сўралган.

Аниқланишича, фуқаро Салима Қўлдошева мавжуд муаммолари юзасидан туман ҳокими ёки туман ҳокимлигига аввал мурожаат қилмаган. Унинг юқорида қайд этилган мурожаати эса атрофлича ўрганилган. Ҳозирда туман ҳокими томонидан Салима Қўлдошевага амалий ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, “Аёллар дафтари”га рўйхатга киритилган.

“Укаси А.Қўлдошев айни вақтда хорижда бўлгани учун маҳалла ёшлар етакчиси иштирокида видеоалоқа орқали гаплашгани, 10 кун ичида миграциядан қайтариш ҳамда ўзига мос ишга жойлаш чоралари кўрилаётганини маълум қиламиз”, дейилади хабарда.

Шунингдек, қайд этиш жоиз, аввалроқ Наманган вилояти ҳокимлиги томонидан ҳокимнинг контейнер уйга кўчиб ўтгани ҳақида хабар берилиб, унга контейнер уйнинг расми илова қилинганди.

Бироқ ижтимоий тармоқларда хат ташлаб кетилган уйнинг ҳоким кўчиб ўтгани айтилган контейнер уй эмаслигини кўриш мумкин. Шунингдек, расмларда уйнинг атрофи қўрғон қилиб ўралгани акс этган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифи чоғида Норин туманидаги Шўрариқ маҳалласига кутилмаганда кириб борганди. Режалаштирилмаган ташриф маҳалланинг оғир аҳволда эканини яққол кўрсатди. Маҳаллада 5 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Улар орасида 62 та камбағал оила, 118 нафар ишсиз мавжуд ва 157 нафар фуқаро меҳнат миграцияси мақсадида хорижда ишлаяпти. Президент маҳалланинг чанг босиб, бўш турган хоналарини кўздан кечириш билан бир вақтда, ҳудуддаги муаммолар бўйича аҳоли фикрларини эшитди. Қолаверса, мутасаддиларга маҳаллани намунага айлантириш бўйича кўрсатма берилди. Аҳоли билан суҳбат чоғида давлат раҳбари маҳалланинг номи ҳам, қиёфасини ҳам ўзгаришини айтган. Мутассадиларга топшириқлар бериш жараёнида Мирзиёев “туман ҳокими керак бўлса шу ерда ётиб қолиши” зарурлигини урғулаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Наманган Норин тумани Жўрабек Нурматов контейнер уй

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг