Конституциявий суд прокурорларнинг тинтув қилиш ваколатини бекор қилишга чақирди
Жамият
−
11 Декабрь
2756Конституциявий суд уй-жойда тинтув ўтказишни фақат суд қарорига асосан амалга оширишга чақирди. Бу ҳақда жорий йилнинг 6 декабрь куни Конституциявий суд томонидан ўтказилган Ўзбекистондаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати бўйича мажлисда тақдим этилган таклифда келтирилган.
Унга кўра, Конституциянинг шахснинг ёзишмалар, телефон орқали сўзлашувлар, почта, электрон ва бошқа хабарларини сир сақлашга бўлган ҳуқуқини чеклашни, уй-жойда тинтув ўтказишни фақат суд қарорига асосан амалга оширишга оид қоидалари асосида Жиноят-процессуал кодекси тегишли нормаларини қайта кўриб чиқиш ва тегишли қонун лойиҳасини қисқа фурсатларда Қонунчилик палатасига киритиш лозим.
Бундан ташқари, шахснинг сукут сақлашга оид конституциявий ҳуқуқларини жиноят процессида ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича иш юритиш жараёнида тўлақонли таъминлаш мақсадида ушбу институтни жиноят-процессуал, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчиликда батафсил акс эттириш керак.
Маълумот учун, амалдаги Жиноят процессуал кодексининг 382-моддасига кўра, тинтув ўтказишга, телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туришга ҳамда улар орқали узатиладиган ахборотни олишга, уй-жой дахлсизлиги, ёзишмалар, телефон орқали сўзлашувлар ҳамда бошқа сўзлашувлар, алоқа тармоқлари орқали узатиладиган почта, курьерлик жўнатмалари ва телеграф хабарлари сир сақланиши ҳуқуқларини чекловчи ҳамда абонентлар ёки абонент қурилмалари ўртасидаги боғланишлар ҳақида ахборот олишга қаратилган тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишга, шунингдек қонунда назарда тутилган ҳолларда, терговга қадар текширувни амалга оширувчи орган мансабдор шахсининг, суриштирувчининг ҳамда терговчининг бошқа ҳаракатларига рухсат бериш прокурорнинг ваколатларига киради.
Шунингдек, Ўзбекистон Конституциясининг 31-моддасига кўра, ҳар ким ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон ва бошқа хабарлари сир сақланиши ҳуқуқига эга. Ушбу ҳуқуқнинг чекланишига фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.
LiveБарчаси