Конституциявий суд фаолиятига рақамли технологиялар жорий этилади
Жамият
−
18 Декабрь 890 3 дақиқа
Ўзбекистонда Конституциявий суд фаолияти такомиллаштирилади, шу билан бирга, рақамли технологиялар жорий этилади ва алоҳида бинога жойлаштирилади. Бу ҳақда Президентнинг бугун, 18 декабрь куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини янада такомиллаштириш ва замонавий рақамли технологияларни жорий этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида сўз боради.
Ҳужжат Конституциявий суд фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, фуқароларнинг конституциявий одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда суд ишларини юритишда шаффофлик ва самарадорликни оширишга қаратилган.
Фармон билан муайян иш бўйича суд томонидан қўлланилган қонуннинг Конституциявий суд томонидан Конституцияга мувофиқ эмас деб топилиши суд ҳужжатини ўрнатилган тартибда қайта кўришга асос бўлади. Шу билан бирга, муайян иш бўйича қўлланилиши лозим боълган норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисида судлар ташаббуси билан Конституциявий судга Олий суд томонидан мурожаат киритилиши ҳолатини судда тегишли иш бўйича иш юритувини тўхтатишга асос сифатида белгиланади.
2026-2027 йилларда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини рақамлаштирилади, хусусан:
- суд иштирокчиларини Конституциявий суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида “Суд хабарномаси” электрон хизмати ва Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг мобил иловаси орқали Давлат бюджети ҳисобидан электрон тарзда хабардор қилинади;
- суд мажлислари видеоконференсалоқа режимида, шу жумладан, мобил иловадан фойдаланган ҳолда ўтказилишини таъминланади;
- Конституциявий суд фаолияти тўғрисидаги ахборотнинг очиқлигини таъминлаш мақсадида фуқаро ва юридик шахсларга интерактив хизматлар кўрсатадиган ахборот тизимлари яратилади;
- одил судловни амалга оширишда зарур бўлган маълумотларни фуқаро ва юридик шахсларни овора қилмаган ҳолда ваколатли давлат органлари ва ташкилотларидан электрон шаклда олиш амалиётини йўлга қўйилади;
- суд мажлисларини аудиоёзув орқали қайд этиб бориш ҳамда суд мажлиси баённомаларини ушбу тизим ёрдамида шакллантириш йўлга қўйилади.
Шу билан бирга, 2027 йил 1 августдан бошлаб Конституциявий суд фаолиятига қуйидаги имкониятларга эга E-KSUD ахборот тизими синов тариқасида жорий этилади:
- Конституциявий судга электрон шаклда мурожаат қилиш ва мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнини онлайн кузатиб борилади;
- фуқаролар ва юридик шахсларга одил судловга эришишда қулайлик яратиш мақсадида интерактив хизматлар кўрсатади;
- суд мажлисларини жонли эфирга узатиш имконияти яратилади;
- ногиронлиги бўлган шахслар учун зарур шарт-шароитлар яратилади.
Фармон Конституция устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда суд тизимида замонавий, очиқ ва халққа яқин механизмларни жорий этишга хизмат қилади.
Конституциявий суд фаолиятини ташкилий-ҳуқуқий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан самарали таъминлаш мақсадида 2026 йил 1 январдан қўшимча 8 та штат бирлиги ажратилади.
Вазирлар Маҳкамаси 2026 йил 1 мартга қадар Конституциявий судни алоҳида бинода жойлаштириш, уни реконструкция қилиш ва жиҳозлашни назарда тутувчи ҳукумат қарорини қабул қилади.
Live
Барчаси