Конституциявий қонун лойиҳасининг якуний таҳрири тайёр бўлди

Жамият

image

Бугун, 6 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, сенаторлар, Олий суд раҳбарияти билан учрашди. Учрашувда Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан халқ томонидан келиб тушган таклифлар якунлари бўйича маслаҳатлашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Қайд этилишича, депутатлар жамоатчилик томонидан юборилган 200 мингдан ортиқ таклифларни ўрганиб чиққан. Бунда халқаро тажриба ҳам инобатга олинган, турли соҳалардан етук мутахассислар ва экспертлар жалб этилган. 

“Бир неча ой давом этган ўрганишлар натижасида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Конституциявий қонун лойиҳасининг якуний таҳрири тайёрланди”, деб ёзди Шерзод Асадов ўз Telegram-каналида.

Қайд этилишича, мазкур қонун лойиҳасида ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва давлат бошқаруви соҳаларига оид ўта муҳим ўзгаришлар акс этгани сабабли уни референдумга қўйишдан аввал депутатлар Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 83-моддасида белгиланган қонунчилик ташаббусига эга  субъектлар билан маслаҳатлашувлар ўтказмоқда. Бунда парламент, ҳукумат, жамоатчилик вакиллари қонун лойиҳасига ўз таклифлари ва фикр-мулоҳазаларини билдирмоқда.

Шунингдек, учрашувда мазкур қонун лойиҳаси Конституциявий суд томонидан алоҳида кўриб чиқилиши ва хулоса берилиши қайд этилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Президент Конституция

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг