Конституция ўзгаради, у референдум орқали қабул қилинади
Жамият
−
20 Декабрь 2022
6226Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича тўхтаб қолган жараёнлар давом эттирилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 20 декабрь куни Олий Мажлис палаталарига йўллаётган мурожаатида айтиб ўтди.
“Мамлакатимиз тараққиётини янги поғонага олиб чиқиш учун, бошқарув ҳам, қонунчилик ҳам, жамиятимиз ҳам ўзгариши керак. Агар шундай қилмасак, муаммоларни кўриб, кўрмасликка олсак, замондан орқада қоламиз. Халқимиз, ёш авлодимиз биздан рози бўлмайди.Шу боис, “Аввал – инсон, кейин – жамият ва давлат” деган ғояни Конституциямиз ва қонунларимизга ҳам, кундалик ҳаётимизга ҳам чуқур сингдиришимиз керак”, дейди Президент.
Унинг таъкидлашича, ҳозирги кундаги жиддий синовлар ва башорат қилиб бўлмайдиган хавф-хатарларни енгиб ўтишга қодир бўлган миллий давлатчилик асосларини мустаҳкамлаш зарур. Шуларни эътиборга олган ҳолда, Асосий қонунни такомиллаштириш ишлари давом эттирилмоқда.
“Ушбу ислоҳотдан халқимиз катта ўзгаришлар кутаяпти. Бугунги кунга қадар бу борада 220 мингдан зиёд таклиф келиб тушгани ҳам, бунинг яққол далилидир. “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” тамойили асосида, барча масалалар бўйича халқимиз билан бамаслаҳат иш тутамиз.
Умуман, мазмуни “инсон қадрини улуғлаш” руҳи билан бойитилган, келажак авлодларга муносиб хизмат қиладиган, Янги Ўзбекистонга мос бўлган Конституцияни ҳар томонлама ўйлаб, шошилмасдан ишлаб чиқишимиз керак”, дейди Президент.
Мирзиёевнинг урғулашича, фуқаролар билдирган барча таклиф ва истаклар албатта инобатга олинади ва Конституция лойиҳаси умумхалқ референдумига олиб чиқилади.
“Энг муҳими – ҳар бир ватандошимиз конституциявий ислоҳотларга дахлдор бўлиши ва “Бу – менинг Конституциям”, деб юксак ғурур ва ифтихор билан айта олиши керак”, дейди у.
LiveБарчаси