Конгрессдаги илк мусулмон ёхуд отдан тушса ҳам эгардан тушмаётган Трамп – Weekend
Таҳлил
−
20:02 955 19 дақиқа
АҚШ Сенатида тарихий ўзгариш юз берди. Абдул Эл–Саед АҚШ тарихидаги илк мусулмон сенаторга айланди. Унинг ғалабаси билан бир қаторда Демократик партия Дональд Трамп учун муҳим сиёсий таянч бўлиб келган бир қатор штатларда ҳам муваффақият қозонди. Ҳатто анъанавий равишда республикачилар устунлик қиладиган ҳудудларда ҳам сиёсий мувозанат ўзгарди.
Ўтган икки йил давомида АҚШ ҳукумати тўлиқ Республикачилар назоратида бўлди. 2024-йилги умумий сайловлардан сўнг улар Сенатда ҳам, Вакиллар палатасида ҳам кўпчилик ўринни эгаллади. Оқ уйга эса республикачи Дональд Трамп қайтди. Бироқ оралиқ сайловлар натижалари америкаликларнинг сўнгги икки йилда олиб борилган сиёсатдан норозилигини кўрсатмоқда.
АҚШда бўлиб ўтган оралиқ сайловлар натижалари ҳали тўлиқ якунланмаган бўлса-да, Демократик партия аллақачон муҳим ғалабаларни қўлга киритди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, демократлар Сенатда 54 та, Вакиллар палатасида эса 435 ўриндан 228 тасини эгаллади. Дональд Трамп эса сайлов натижаларини қабул қилишга тайёрлигини билдирди. Энди жаноб шоумен аввалгидек истаган қарорини осонлик билан амалга ошира олмайди.
АҚШ тарихидаги илк мусулмон сенатор
Сайловларнинг энг диққатга сазовор натижаларидан бири Сенат таркибида кузатилди. Абдул Эл-Саед АҚШ тарихидаги илк мусулмон сенаторга айланди. Президент Дональд Трамп томонидан қўллаб-қувватланган Майк Рожерс эса сайловда мағлубиятга учради.
Эл-Саед 4 ноябрь куни тонгда халққа мурожаат қилиб, унга ва бошқа кутилмаган номзодларга имконият берган сайловчиларга миннатдорлик билдирди.
“Улар баъзиларимиз учун ўта тор бўлган Американи хоҳлашган эди. Биз эса бу барчамиз учун етарлича кенг Америка эканини биламиз”, деди у.
Қизиғи, Абдул Эл-Саед сайловолди кампанияси давомида Трамп ва Рожерс томонидан коммунист сифатида тасвирланган. Унинг Исроилга муносабати ҳамда диний қарашлари ҳам танқид қилинган эди. Шунга қарамай, сайлов натижалари Эл-Саеднинг ғалабаси билан якунланди.
Бу натижа АҚШ сиёсатида мусулмон номзодларнинг ўрни, ижтимоий ёрдам масалалари ва мамлакатдаги диний ҳамда сиёсий хилма-хиллик борасидаги мунозараларни яна кун тартибига олиб чиқди.
Демократлар Трампни тор–мор қилди
Энди Дональд Трамп президентлигининг қолган икки йилини анча мураккаб шароитда ўтказиши кутилмоқда. 3 ноябрь куни ўтказилган оралиқ сайловларда Демократик партия нафақат Вакиллар палатасини, балки Сенатни ҳам республикачилардан тортиб олди. Сайлов натижалари Трампнинг сиёсий кун тартибига жиддий зарба сифатида баҳоланмоқда.
АҚШдаги оралиқ сайловлар президентлик сайловларидан икки йил ўтиб, президент ваколатининг ўртасида ўтказилади. Бу сафар ҳам ноябрь ойининг биринчи сешанбаси – 3 ноябрь асосий овоз бериш куни бўлди. Сайловчилар Конгресс Вакиллар палатасининг барча 435 аъзосини, Сенатнинг 35 ўрнини, шунингдек, бир қатор штат губернаторлари ва маҳаллий вакиллик органлари аъзоларини сайлади.
Оралиқ сайловларнинг аҳамияти шундаки, улар президентнинг қонунчилик ташаббусларини амалга ошириш имкониятига бевосита таъсир қилади. Конгресснинг ҳар икки палатасида демократлар кўпчиликни ташкил этиши Трамп учун қонун лойиҳаларини ўтказиш, бюджет масалаларини ҳал қилиш ва давлат лавозимларига номзодларни тасдиқлаш жараёнларини анча мураккаблаштиради.
Associated Press хабарларига кўра, демократлар Сенат ҳамда Вакиллар палатасида назоратни қўлга киритди. 4 ноябрь куни эълон қилинган дастлабки ҳисоб-китобларда Сенатда демократлар ва улар билан овоз берувчи мустақил сенаторлар 54 ўринга, республикачилар эса 44 ўринга эга бўлгани кўрсатилган.
Вакиллар палатасида эса 435 ўриндан 367 таси бўйича натижалар аниқланган: демократлар 228, республикачилар 139 ўринни қўлга киритган. Қолган округларда овозларни санаш давом этаётган эди.
Бу натижа Трамп маъмурияти учун жиддий сиёсий тўсиқ бўлиши мумкин. Демократлар янги Конгрессда президент маъмурияти фаолиятини текшириш, қонунчилик ташаббусларини тўхтатиш ва Сенатдаги ваколатлари орқали унинг номзодларини тасдиқламаслик имкониятига эга бўлади.
Трамп эса натижаларни тан олишини ва демократлар билан ишлашни кутаётганини айтди.
“Мен бу натижаларни қабул қилишга мутлақо тайёрман. Биз демократлар билан ишлаймиз ва улар билан ҳамкорлик қилишни кутамиз. Биз барибир бир тўхтамга келишимиз мумкин”, деди у.
Шунингдек, у ўзининг Truth Social тармоғидаги саҳифасида номзодларнинг ғалабалари ва мағлубиятлари ортидаги сабабларни таҳлил қилишини айтиб, ортида “VETO” ёзуви туширилган қизил кепканинг суратини жойлади.
“Улар ақлга сиғмайдиган нарсаларни юборишади ва мен уларга вето қўяман. Бир неча ойлик ветолардан сўнг улар қўнғироқ қилиб: ъБуни қандай ҳал қиламиз?ъ дейишади. Ана ўшанда бирга ишлаймиз. Вето кучи — бу президент эга бўлган энг кучли ваколатлардан биридир”, дея қўшимча қилди у.
Отдан тушса ҳам эгардан тушмайдиган жаноб Трамп ўтган икки йилдаги фаолиятини ҳануз муваффақиятли деб баҳоламоқда. 3 ноябрь куни The New York Times нашрига берган интервьюсида Оқ уй раҳбари 2024 йилдан буён олиб бораётган сиёсатини “ҳар қандай президент тарихидаги энг муваффақиятли икки йиллик давр” деб атади.
Шунингдек, у сайловдаги мағлубият сабабларидан бири сифатида бюллетенларда ўз исми бўлмаганини кўрсатди.
“Мен сайлов бюллетенида йўқ эдим ва агар бўлганимда, биз кўчкида ғалаба қозонган бўлардик”, деди у.
Техасда ҳам республикачилар мағлуб бўлди
Сайловнинг энг катта кутилмаган натижаларидан бири Техасда кузатилди. АҚШнинг энг йирик ва анъанавий республикачи штатларидан бири ҳисобланган Техасда демократлар Сенат ўрнини қўлга киритди. Демократ Жеймс Таларико республикачи Кен Пакстонни мағлуб этди.
Бу 1988 йилдан бери Техасда демократларнинг АҚШ Сенатига илк бор ўз вакилини сайлаши бўлди. Бошқача айтганда, штатда қарийб 38 йиллик сиёсий анъана бузилди.
Бироқ Техасдаги кутилмаган натижалар фақат Сенат билан чекланмади. Демократ Жина Хинохоса республикачи амалдаги губернатор Грег Эбботтни ҳам мағлуб этди. У штат тарихидаги келиб чиқиши лотин америкалик бўлган илк губернаторга айланади.
Яна бир тарихий натижа Канзасда қайд этилди. Демократ Адам Ҳамилтон республикачи амалдаги сенатор Рожер Маршаллни мағлуб этди. Канзас 1932 йилдан бери, яъни Буюк депрессия давридан буён Сенатга демократ вакил сайламаган эди. Орадан 94 йил ўтиб, штатдаги сиёсий мувозанат ўзгарди.
Жанубий Каролинада ҳам демократ Энни Эндрюс республикачи Дарлин Гремни мағлуб этди. Бу штат 1998 йилдан бери Сенатга демократ сайламаган эди.
Демократлар Огаё, Шимолий Каролина, Мейн ва Аёва каби штатларда ҳам Сенат ўринларини қўлга киритди. Айниқса, 2024-йилги президентлик сайловида Трамп ишончли устунлик билан ғалаба қозонган ҳудудларда демократларнинг муваффақияти республикачилар учун жиддий огоҳлантириш бўлди.
Reuters маълумотларига кўра, сайлов натижалари эълон қилинаётган пайтда овозлар саналган қарийб 1 700 округнинг аксариятида республикачилар аввалги натижаларига нисбатан позицияларини йўқотган.
Сайловлардаги яна бир қатор тарихий натижаларга тўхталадиган бўлсак, Жоржия штатида Кейша Ленс Боттомс губернаторликни қўлга киритиб, АҚШ тарихида губернатор этиб сайланган илк қора танли аёлга айланди. Флорида штатида эса республикачи Байрон Дональдс штат тарихидаги илк қора танли республикачи губернатор бўлди.
Америкаликлар нимадан норози?
Дональд Трамп президентликка қайтганидан икки йил ўтиб, америкалик сайловчилар унинг сиёсатига муносабатини сайлов қутиларида намоён қилди. Демократларнинг Конгрессдаги ғалабаси шунчаки партиявий устунлик алмашинуви эмас, балки Трамп маъмуриятига нисбатан кучайиб бораётган норозиликнинг сиёсий ифодасига айланди.
Норозиликнинг биринчи ва энг оғриқли сабаби – иқтисодиёт.
Трамп 2024-йилги президентлик кампаниясида инфляцияни жиловлаш, нархларни тушириш ва америкаликларнинг турмуш даражасини яхшилашга ваъда берган эди. Аммо сайловчилар кундалик ҳаётда бунинг аксини ҳис қилмоқда: озиқ-овқат, ёқилғи, тиббий хизмат ва коммунал тўловлар оилалар бюджетига босим ўтказишда давом этмоқда.
Ижтимоий тармоқларда ёқилғи қуйиш шохобчаларида одамлар “Американи қайта қашшоқ қилганинг учун раҳмат”, дея Трампга кинояли ташаккурлар айтмоқда. Ёқилғи нархларининг қимматлиги оддий америкаликларнинг сайловдаги қарорларига ҳам жиддий таъсир кўрсатмоқда.
Associated Press сайловчилар ўртасида ўтказган сўровга кўра, респондентларнинг қарийб учдан икки қисми Трамп сиёсати мамлакатдаги иқтисодий вазиятни ёмонлаштирган, деб ҳисоблайди. Худди шунча америкалик унинг божхона тарифлари ҳам миллий ёки маҳаллий иқтисодиётга зарар етказганини билдирган.
Иккинчи сабаб – Эрон билан уруш ва унинг иқтисодий оқибатлари. Трамп маъмуриятининг ҳарбий сиёсати америкаликлар орасида бирдек қўллаб-қувватланмаяпти. Яқин Шарқдаги ҳарбий можаро нефть таъминоти ва энергетика бозорларига босим ўтказиб, ёқилғи нархларига таъсир кўрсатди. Натижада халқаро сиёсий қарорларнинг оқибати оддий америкаликнинг ҳамёнида ҳам сезила бошлаган.
Бундан ташқари, сайловчиларнинг ҳукуматдаги коррупция ва манфаатлар тўқнашувига муносабати ҳам Трамп учун жиддий муаммога айланмоқда.
AP Voter Poll маълумотларига кўра, америкаликларнинг ярмидан кўпи ҳукуматдаги коррупцияни Конгресс сайловларида овоз беришига таъсир қилган ҳал қилувчи омиллардан бири сифатида кўрсатган. Респондентларнинг қарийб учдан икки қисми Трамп мамлакат манфаатларидан кўра ўз шахсий манфаатларини устун қўяди, деб ҳисоблайди.
Президент оиласининг бизнес фаолияти, йирик компанияларнинг Оқ уй билан алоқалари ва давлат сиёсатидан хусусий манфаатлар йўлида фойдаланилиши ҳақидаги саволлар норозиликни янада кучайтирмоқда.
Муаммонинг яна бир томони – Трампнинг бошқарув услуби. Президентнинг қарорлар қабул қилишда Конгресс билан етарлича ҳисоблашмаслиги, федерал ходимларни қисқартириш, Федерал захира тизимига босим ўтказиш ва анъанавий иттифоқчилар билан кескин муносабатлар ҳам сиёсий баҳсларнинг марказида бўлди.
Сайловчиларнинг қарийб 70 фоизи Конгресс президент ваколатларини етарлича назорат қилмаяпти, деб ҳисоблаган. Эътиборлиси, бу фикрни фақат демократлар эмас, республикачиларнинг қарийб 40 фоизи ҳам қўллаб-қувватлаган. Демак, норозилик фақат Трампнинг сиёсий рақибларига хос эмас, унинг ўз партияси ичида ҳам президент ваколатларини чеклаш зарурати ҳақида қарашлар мавжуд.
Республикачиларнинг мағлубиятида Трампнинг номзод танлашдаги қарорлари ҳам муҳим роль ўйнади. Президент партиявий садоқатни сиёсий тажриба ва обрўдан устун қўйганликда танқид қилинмоқда.
Масалан, Техасда у Сенат сайловида амалдаги сенатор Жон Корниндан кўра коррупция айбловлари ва сиёсий можаролар билан танилган Кен Пакстонни қўллаб-қувватлаган. Натижада Техасда ҳам демократлар ғалаба қозонди.
Трампни олдинда нима кутмоқда?
Бир сўз билан айтганда, Трамп учун ўтган икки йил унинг ўзи таърифлаганидек, тарихдаги энг муваффақиятли давр бўлиб чиқмади. Аксинча, бу давр америкалик сайловчиларнинг сабрини синовдан ўтказди.
Эндиликда Конгресснинг ҳар икки палатасида демократлар кўпчиликни ташкил этмоқда. Бу эса Оқ уй раҳбари учун янги сиёсий муаммоларни юзага келтиради. Демократлар президент маъмурияти фаолиятини текшириш, унинг ташаббусларига қаршилик кўрсатиш ва Конгрессдаги назорат механизмларидан фойдаланиш имкониятига эга.
2.Сўнгги пайтларда Ғарб мамлакатлари вакиллари Марказий Осиё республикалари раҳбариятига ўз ҳудудларида ҳарбий базалар жойлаштириш бўйича мурожаатларни тез-тез йўлламоқда. Бундай илтимослар минтақа давлатларининг Афғонистонга географик жиҳатдан яқинлиги билан изоҳланмоқда. Бу ҳақда 21 октябрь куни Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) бош котиби Таалатбек Масадиков видеомулоқот шаклидаги брифингда маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Марказий Осиёдаги КХШТга аъзо ва аъзо бўлмаган давлатлар раҳбарлари бундай таклифларга қатъий рад жавобини бермоқда. Бунга минтақа мамлакатлари ўзаро келишмовчиликларни ташқи кучлар иштирокисиз, мустақил равишда ҳал қилиш имкониятига эга экани ҳам сабаб бўлмоқда.
Масадиков Россиянинг Қирғизистон ва Тожикистондаги ҳарбий иштироки ушбу республикалардаги, шунингдек, умуман Марказий Осиёдаги вазиятга ижобий таъсир кўрсатаётганини ҳам таъкидлади. Унинг қайд этишича, ҳар икки мамлакатда Россиянинг ҳарбий иштироки сақланиб қолмоқда ва маҳаллий ҳокимиятлар амалдаги тартибни қайта кўриб чиқиш ниятида эмас.
“Минтақа бошқа давлатлар кучларининг иштирокидан манфаатдор эмас. Айниқса, Марказий Осиёнинг айрим республикалари, жумладан, Қирғизистон Ғарб ҳарбийларини жойлаштириш тажрибасига эга ва унга қайтишга тайёр эмас”, деди КХШТ бош котиби.
Масадиков Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ҳудудий низолар музокаралар столи атрофида мустақил равишда ҳал этилганини бунга мисол қилиб келтирди.
Унинг фикрича, бу ҳолат минтақа давлатлари ўзаро тинч йўл билан келишиб олиш, шунингдек, хавфсизликка таҳдид солувчи турли хавф-хатарларга биргаликда жавоб бериш қобилиятига эга эканини кўрсатади.
“Ишончим комилки, Марказий Осиё давлатлари етакчиларининг сиёсий иродаси ва донолиги масалаларни тинч йўл билан ва етарлича тез ҳал этишга ҳамда юзага келадиган чақириқларга жавоб беришга имкон беради”, деди у.
Бишкек фуқароларини огоҳлантирди
Шу билан бирга, Қирғизистон расмийлари Россияда бўлиб турган ўз фуқароларини ҳарбий хизматга алдов йўли билан жалб этилиш хавфидан огоҳлантирди.
Ташқи ишлар вазирлиги фуқароларга Россияда турли иш таклифлари юзасидан шартномалар имзолашдан олдин уларнинг мазмунини синчиклаб ўрганишни тавсия қилди.
“Юзага келиши мумкин бўлган салбий оқибатларнинг олдини олиш мақсадида контрактлар ва бошқа шартномаларни имзолашдан олдин уларнинг мазмунини синчковлик билан ўрганиб чиқиш, ўз зиммаларига олаётган мажбуриятлари ва ҳуқуқий оқибатларига алоҳида эътибор қаратиш тавсия этилади”, дейилади дипломатик нотада.
Россия армиясига чет элликлар ҳам жалб қилинмоқда
Россия армиясига хорижий давлатлар фуқароларининг алдов ёки мажбурлаш йўли билан жалб этилиши халқаро миқёсда ҳам муҳокама қилинмоқда.
БМТ Бош Ассамблеясининг Украинадаги уруш даврида содир этилган жиноятларни текшириш бўйича мустақил комиссияси октябрь ойи охирида эълон қилган махсус ҳисоботида Россия армиясига алдов ёки мажбурлаш орқали ёлланган шахслар камида 29 та мамлакатдан эканини маълум қилган.
Улар орасида собиқ Совет Иттифоқи республикалари билан бир қаторда Африка, Лотин Америкаси, Яқин Шарқ ва Жанубий Осиё мамлакатлари фуқаролари ҳам бор.
Элистан Токтогулов билан юз берган ҳолат эса Россияда иш излаётган Марказий Осиё фуқаролари дуч келиши мумкин бўлган хавфларни яна бир бор кун тартибига олиб чиқди. Эндиликда унинг тақдири бўйича Москванинг Бишкек нотасига қандай жавоб бериши кутилмоқда.
Роналдунинг хайрлашув мактуби: “Португалия доимо менинг бир бўлагим бўлиб қолади”
Бир кун келиб Португалия терма жамоаси майдонга тушади. Стадион тўла, мухлислар ҳаяжонда, футболчилар саф тортган. Аммо бу сафар майдонда бир инсон бўлмайди. Орқасида 7-рақам ёзилган футболка, сардорлик боғичи ва бутун бир авлоднинг умидига айланган футболчи энди Португалия сафида кўринмайди.
Ҳа, Криштиану Роналду Португалия терма жамоаси билан хайрлашди!
Бу шунчаки бир футболчининг кетиши эмас. Бу 23 йил давом этган тарихнинг якуни. Бир мамлакатнинг футбол тарихида ўчмас из қолдирган, рекордларни янгилаган, миллионлаб инсонларни футболга ошно қилган афсонанинг миллий жамоадаги сўнгги саҳифаси.
5 ноябрь куни Криштиану Роналду ижтимоий тармоқ орқали эълон қилинган видеомурожаатида Португалия терма жамоасидаги фаолиятини якунлашини билдирди. Унинг мурожаати оддий баёнот эмас, балки бутун бир давр билан хайрлашув эди.
“Португалия халқига! Миллий жамоамизнинг 7-рақамли футболкасини топшириш вақти келди. Мен уни ҳеч қачон фақат ўзимга тегишли деб ҳисобламаганман. Аммо 23 йил давомида уни кийиш, ҳимоя қилиш ва дунёнинг турли стадионларига олиб бориш мен учун катта шараф ва масъулият бўлди”.
Бу футболка унинг учун шунчаки рақам эмасди. Унинг остида у ғалабаларни ҳам, мағлубиятларни ҳам бошдан кечирди. Бир неча авлоднинг орзусига айланди.
Аммо энди уни келажак авлодга топшириш вақти келган эди.
“Бу осон қарор бўлмади. Чунки айрим қарорлар фақат ақл билан қабул қилинмайди. Улар юрак билан ҳам қабул қилинади. 2003 йил августида бошланган ва ҳаётимни бутунлай ўзгартирган сафар ниҳоясига етмоқда”.
Роналду мактубида ўтмишга назар ташлар экан, фақат учрашувлар, голлар, рекордлар ва совринларни эмас, инсонларни эслашини айтади.
У чет элда яшаётган португалияликлар ҳақида ёзади. Унинг голлари туфайли қувончга тўлган, бир-бирини қучоқлаган, ўз мамлакати билан фахрланган инсонларни эслайди.
Унинг фикрича, футбол шунчаки ўйин эмас. Футбол – инсонлар.
“Агар мен сизларни хурсанд қилган бўлсам, голларимдан бири сизни кимнидир қучоқлашга, ташвишларингизни бир зумга унутишга ёки мамлакатимиз билан фахрланишга ундаган бўлса, демак, буларнинг барчаси ўзини оқлаган”.
У жамоадошларига ҳам алоҳида миннатдорлик билдирди. Бирга босиб ўтилган йўл, ғалабалар, мағлубиятлар, қучоқлашувлар ва ҳатто баҳслар ҳам унинг хотирасида қолишини айтди.
Мураббийлар, шифокорлар, физиотерапевтлар ва кўзга кўринмайдиган, аммо жамоа муваффақиятида муҳим ўрин тутган барча ходимларни ҳам унутмаган.
Оиласи ҳақида эса алоҳида тўхталган. Чунки миллий жамоа сафидаги фаолият кўп вақтни уйидан узоқда ўтказишни англатарди.
Аммо мактубнинг энг таъсирли қисми Португалия мадҳияси ҳақида эди.
“Миллий мадҳиямиз янграй бошлаган лаҳзани бир умр ёдимда сақлайман. Атрофга қарайман, жамоадошларимни, трибуналарни, болалар, оналар, оталар ва боболарни кўраман. Ўша дақиқаларда бизнинг фарқларимиз йўқолади. Клублар ҳам, ранглар ҳам, табақалар ҳам, касблар ҳам, фикрлар ҳам қолмайди. Фақат битта эҳтирос бор: Португалия”.
Балки унинг учун терма жамоадаги энг катта ғалаба ҳам айнан шу туйғудир.
Роналду мактубининг якунида миллий жамоадаги фаолиятини боши баланд ҳолда тугатаётганини, Португалия учун қўлидан келган барча ишни қилганини айтади.
“Мен бутун умрим давомида дунёнинг энг яхши футболчиси бўлиш учун меҳнат қилдим. Бугун эса энг катта ғалабам дунёнинг энг яхши мамлакатини вакиллик қилиш шарафини қўлга киритганим эканини англаяпман”.
“Бу 23 йил учун раҳмат. Менга ишонганингиз учун раҳмат. Мадейрада тўп ортидан югурган кичкина болакайнинг орзусини амалга оширишга имкон берганингиз учун раҳмат. 7-рақамли футболка қолади. Уни кийганимдан фахрланиш эса бир умр мен билан қолади. Португалия доимо менинг бир бўлагим бўлиб қолади. Хайр, яна учрашгунча!”.
Дунё футболи Роналду билан хайрлашмоқда
Роналду қарорини эълон қилиши билан футбол оламида унга нисбатан ҳурмат ва миннатдорлик хабарлари ёғила бошлади.
Унинг собиқ жамоадошлари, бугунги футбол юлдузлари ва бошқа спорт вакиллари ўз муносабатларини билдиришди.
Энг таъсирли муносабатлардан бири Бруно Фернандешдан келди.
“Илҳом учун раҳмат. Болаликдаги кумирим билан миллий жамоада биргаликда унутилмас лаҳзаларни баҳам кўриш мен учун катта шараф эди”.
Бу сўзлар бежиз эмас. Чунки Бруно учун Роналду шунчаки жамоадош эмас, болаликдаги қаҳрамон ҳам эди.
Бразилиялик Неймар эса атиги бир сўз билан муносабат билдирди: “Афсона”.
“Реал Мадрид”нинг бразилиялик футболчиси Винисиус Жуниор эса: “Доимо биринчи рақам!” дея ёзди.
Роналду билан йиллар давомида бирга тўп сурган Пепе ҳам ўз муносабатини билдирди:
“Бу шунчаки футбол эмас эди. Барча нарсалар учун раҳмат, Крис”.
Унинг собиқ жамоадоши Рио Фердинанд эса Роналдунинг фаолиятини фильмга қиёслади:
“Бу худди бир фильм эди, биродар!”
Португалиялик яна бир собиқ жамоадоши Нани ҳам унга миннатдорлик билдирди. Унинг таъкидлашича, Роналду португалияликларга ўзларини дунёнинг энг яхшилари қаторида тасаввур қилишга имкон берган ва бутун халқни фахрлантирган.
Рафаэль Леау эса уни бутун авлодлар учун кумир деб атади.
Португалия футбол федерацияси Роналдунинг мероси майдон чегараларидан ҳам ошиб кетганини таъкидлади. Федерация президенти Педро Проэнса унинг хизматларига муносиб эҳтиром кўрсатиш ниятида эканини билдирди.
“Ал–Насср” клуби ҳам ўз футболчисига мурожаат қилди. Клуб Роналдунинг фаолиятини шунчаки бир боб эмас, бутун тарих сифатида баҳолади ва у билан яна янги саҳифалар ёзиш истагини билдирди.
“Манчестер Юнайтед” эса собиқ футболчисини ажойиб халқаро фаолияти билан табриклади.
Кўриниб турибдики, Роналдунинг кетиши фақат Португалия футболи учун эмас, бутун футбол олами учун муҳим воқеага айланди.
Хайрлашув олдидаги зиддиятлар
Ҳар қандай буюк фаолиятнинг мураккаб даврлари бўлади. Роналду учун ҳам сўнгги йиллар баҳс-мунозараларсиз кечмади.
2026 йилнинг кузига келиб, унинг терма жамоадаги келажаги яна муҳокама марказига чиқди. 41 ёшли футболчининг жамоага таъсири, янги авлодга йўл бериш масаласи ва мураббий қарорлари атрофида турли фикрлар пайдо бўлди.
Айниқса, бош мураббий Жорже Жезус билан юзага келган келишмовчилик вазиятни янада мураккаблаштирди.
Сентябрь ойидаги йиғин вақтида Роналду мураббий қарорларидан норози бўлиб, терма жамоа лагерини рухсатсиз тарк этди. Кейинчалик у жамоадошларидан узр сўради.
Бу воқеа унинг терма жамоадаги келажаги ҳақидаги саволларни янада кучайтирди.
Бир тараф Роналду каби футболчининг хизматларини унутмаслик кераклигини таъкидлади. Бошқа тараф эса жамоада ҳеч кимнинг ўрни кафолатланмаганини, мураббий қарорлари умумий манфаатдан келиб чиқишини айтди.
Жорже Жезус ҳам Роналдунинг қарорини ҳурмат қилишини, бироқ уни жамоа режаларида сақлаб келганини билдирди.
Шундай вазиятда 5 ноябрь куни Роналду ўз қарорини эълон қилди: у Португалия терма жамоасидаги фаолиятини якунлайди.
Болаликдан бошланган буюк тарих
Криштиану Роналду дос Сантос Авейру 1985 йил 5 февралда Португалиянинг Мадейра оролида дунёга келган.
Оддий оилада улғайган болакайнинг футболга бўлган муҳаббати жуда эрта бошланган. Унинг орзуси катта эди. У дунёнинг энг яхши футболчиси бўлишни истарди.
Дастлаб “Андориня” ва “Насёнал” ёшлар жамоаларида шуғулланган Роналду кейинчалик “Спортинг” академиясига қабул қилинди. 2003 йилда эса Англиянинг “Манчестер Юнайтед” клубига ўтди.
Айнан шу йили, 18 ёшида, Португалия терма жамоасида ҳам дебют қилди.
Унинг илк йирик халқаро турнири 2004-йилги Европа чемпионати бўлди. Португалия финалга қадар етиб борди, бироқ Грецияга имкониятни бой берди. Ўша финалдан кейин ёш Роналду кўз ёшларини яшира олмади.
Аммо бу ҳали бошланиши эди.
2006-йилги жаҳон чемпионатида Португалия ярим финалгача етиб борди. 2008 йилда Роналду терма жамоа сардорига айланди. Кейинги йилларда эса у Португалия футболининг асосий тимсолига айланди.
Рекордлар, совринлар ва тарих
Роналду фаолиятини рақамларсиз тасаввур қилиш қийин.
Португалия терма жамоаси сафида:
- 234 та учрашув;
- 146 та гол;
- 23 йиллик халқаро фаолият;
- 6 та жаҳон чемпионати;
- 1 та Европа чемпионлиги;
- 2 та УЭФА Миллатлар лигаси чемпионлиги.
234 та учрашув ва 146 та гол — эркаклар миллий терма жамоалари футболи тарихидаги жаҳон рекордлари.
У олти хил жаҳон чемпионатида гол урган тарихдаги илк футболчи бўлди. 2006 йилдан 2026 йилгача бўлган мундиалларда Португалия шарафини ҳимоя қилди.
Бироқ унинг фаолиятидаги энг унутилмас саҳифалардан бири 2016 йилга тўғри келади.
Францияда ўтказилган Европа чемпионати финалида Португалия мезбонлар билан тўқнаш келди. Учрашувнинг дастлабки қисмида Роналду жароҳат олиб, майдонни тарк этишга мажбур бўлди. Сардор кўз ёшларини яшира олмади.
Аммо жамоадошлари унинг орзусини амалга оширди. Португалия қўшимча бўлимларда ғалаба қозониб, тарихида илк бор Европа чемпионига айланди.
Роналду учун бу оддий соврин эмасди. Бу йиллар давомида кутилган орзунинг рўёби эди.
2019 йилда Португалия УЭФА Миллатлар лигасининг илк ғолибига айланди. 2025 йилда эса яна шу турнирда чемпионликни қўлга киритди.
Буларнинг барчаси Роналду тарихининг бир қисми.
У клуб миқёсида ҳам улкан натижаларга эришди. “Манчестер Юнайтед”, “Реал Мадрид”, “Ювентус” ва “Ал–Насср” сафидаги фаолияти давомида кўплаб совринларни қўлга киритди. Беш марта “Олтин тўп” соҳиби бўлди.
Аммо Португалия футболкаси унинг учун ҳар доим алоҳида аҳамиятга эга эди.
Жаҳон чемпионлиги – амалга ошмаган орзу
Роналду фаолиятидаги энг катта армонлардан бири жаҳон чемпионлиги бўлиб қолди.
У олти марта жаҳон чемпионатида қатнашди. 2006 йилдан 2026 йилгача бўлган мундиалларда Португалия шарафини ҳимоя қилди.
Ушбу турнирларда олтита мундиалда гол урган тарихдаги илк футболчига айланди. 2026-йилги мусобақада ҳам учта гол уриб, жаҳон чемпионатларидаги жами голларини 11 тага етказди.
Аммо Португалия жаҳон чемпионига айлана олмади.
2026-йилги мундиалда жамоа нимчорак финалда бўлажак чемпион Испанияга 0:1 ҳисобида мағлуб бўлди.
Шу тариқа, Роналду ўз фаолиятида жуда кўп совринларни қўлга киритган бўлса-да, жаҳон чемпионлиги кубогини кўтара олмади.
Бироқ унинг футболчилик фаолияти ҳали якунланмаган. У “Ал-Насср” сафида ўйнашда давом этади.
Яна бир мақсад бор: профессионал фаолияти давомида урилган голлар сонини 1 000 тага етказиш.
Терма жамоадан кетиши билан унинг футбол билан хайрлашгани йўқ. Фақат Португалия сафидаги тарих якунланди.
7-рақамдан кейин қолган тарих
Бир пайтлар Мадейрада тўп ортидан югурган кичкина болакай бутун дунё таниган футболчига айланди.
У рекордларни янгилади, совринларни қўлга киритди, танқидлар ва баҳсларни бошдан кечирди. Кимдир уни тарихдаги энг буюк футболчи деб билди, кимдир бошқа футболчилар билан солиштирди.
Аммо бир ҳақиқат ўзгармайди: Криштиану Роналду футбол тарихида ўз номини абадий қолдирди.
Энди Португалия терма жамоаси бошқа сардор билан майдонга тушади. Бошқа футболчи 7-рақамни кийиши мумкин. Янги авлод янги ғалабаларни қўлга киритиши мумкин.
Аммо 23 йил давомида шу футболкани кийган инсоннинг ўрнини тўлдириш осон бўлмайди.
Чунки Роналду Португалия учун шунчаки ҳужумчи ёки сардор эмасди. У бутун бир авлоднинг орзуси, мамлакатнинг футбол рамзи ва миллионлаб инсонларни бирлаштирган ном эди.
У кетмоқда. Лекин у қолдирган тарих қолади.
Криштиану Роналду Португалия терма жамоаси билан хайрлашди. Аммо Португалия футболи тарихида унинг номи ҳеч қачон ўчмайди.
Live
Барчаси