“Kompromat иши” бўйича тергов якунлангани айтилмоқда
Жамият
−
02 Июнь 2023
24396“Kompromat.uzb” иши бўйича айбланган шахслар – “Human” ахборот портали директори Хуршид Далиев ва унинг жияни, собиқ Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Мавжуда Мирзаева, “Ўзбекнефтгаз” компанияси матбуот котиби Сиёвуш Ҳошимовларга нисбатан ўтказилаётган тергов ҳаракатлари якунланган. Бу ҳақда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов “Озодлик радиоси”га берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг қайд этишича, юқорида исми саналган шахсларга нисбатан очилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари якунланиб, тегишли айблов хулосаси тузилган. Ушбу айблов хулосаси тасдиқланиши учун Бош прокуратурага юборилган.
Ташановга кўра, яқин кунларда уларга нисбатан очилган жиноий иш бўйича суд жараёни пойтахт туманларидан бирида бўлиб ўтади.
Унинг билдиришича, келтирилган умумий зарар миқдори 2 миллиард сўмдан ортиқлиги тахмин қилинмоқда.
“Kompromat иши”
Жорий йилнинг 27 январь куни “Human” ахборот портали директори Хуршид Далиев ва унинг жияни, собиқ Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот котиби Мавжуда Мирзаева, “Ўзбекнефтгаз” компанияси матбуот котиби Сиёвуш Ҳошимов қамоққа олингани ҳақида хабар берилганди.
Қайд этилишича, ДХХ органлари томонидан фуқаро И.А.дан келиб тушган мурожаатга асосан, фуқаро Д.Х. ва бошқаларнинг Telegram'даги “Kompromat.uzb” ва бошқа каналлар орқали амалга оширилган жиноятларга алоқадорликлари сабабли уларга нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми “в” банди (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Абдураҳмон Ташановга кўра, ушбу шахслар Жиноят кодексининг 165-моддасидан ташқари 243-модда (жиноий даромадларни легаллаштириш) билан ҳам тергов қилинган.
LiveБарчаси