“Kompromat иши” айбланувчилари суд ёпиқ кўрилишини сўрагани айтилди
3-саҳифа
−
18 Июль 2023
8441Аввалроқ, “Kompromat иши” бўйича суд мажлиси ёпиқ бўлиши, унда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этмаслиги ҳақида хабар берган эдик. Олий суд ушбу маълумотни тасдиқлаб, жиноят иши судда ёпиқ кўрилаётганига судланувчилар томонидан киритилган илтимосни сабаб қилиб кўрсатди.
Қайд этилишича, бугун, 18 июль куни жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида Хуришд Далиев (1984 йилда Андижон вилоятида туғилган), Сиёвуш Ҳошимов (1983 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган), Аҳмадулло Аҳмаджонов (2004 йилда Андижон вилоятида туғилган) ва Мавжуда Мирзаева (аёл, 1973 йилда Андижон вилоятида туғилган)га оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни бошланган.
“Суд судланувчилар Хуршид Далиев ва Мавжуда Мирзаеванинг жиноят ишини ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқиш ҳақида келтирган илтимосномаларини муҳокама қилиб, ишда иштирок этаётган давлат айбловчиси ҳамда ҳимоячиларнинг фикрларини тинглаб, ушбу жиноят ишини Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси (судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) талабларига мувофиқ ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқиш ҳақида ажрим чиқарди”, дейилади Олий суд хабарида.
Хабар сўнгида айтилишича, суд жараёни якуни бўйича қўшимча маълумот берилади.
"Kompromat иши”
Жорий йилнинг 27 январь куни “Human” ахборот портали директори Хуршид Далиев ва унинг жияни, собиқ Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот котиби Мавжуда Мирзаева, “Ўзбекнефтгаз” компанияси матбуот котиби Сиёвуш Ҳошимов қамоққа олингани ҳақида хабар берилганди.
Мазкур иш бўйича 1984 йилда Андижон вилоятида туғилган Хуршид Далиев, 1983 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган Сиёвуш Ҳошимов, 2004 йилда Андижон вилоятида туғилган Аҳмадулло Аҳмаджонов ҳамда 1973 йилда Андижон вилоятида туғилган Мавжуда Мирзаева жалб қилинган.
Олий суд Матбуот котиби Азиз Обидовга кўра, А.Аҳмаджонов Жиноят кодексининг 139-моддаси 2-қисми, 165-моддаси 3-қисми “а” банди, 25, 165-моддаси 3-қисми “а” банди билан, С.Ҳошимов юқоридаги моддаларга қўшимча равишда ЖКнинг 243-моддаси билан, Х.Далиев эса худди шу моддалар ва ЖКнинг 184-моддаси 3-қисми билан, М.Мирзаева эса Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми “а”, “б”, “в” бандлари билан айбланмоқда.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, Ўзбекистон Республикаси ДХХ Тергов бошқармаси томонидан олиб борилган тергов ҳаракатлари даврида жиноят ишининг бошқа иштирокчиларига оид қисми Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодекси (ЖПК) талаблари асосида алоҳида иш юритувига олинган.
Олий суд берган маълумотга кўра, мазкур жиноят иши бўйича 19 нафар жабрланувчи ва 10 нафар фуқаровий даъвогар мавжуд бўлиб, жиноят оқибатида уларга жами 5 млрд 138 млн сўм миқдорида моддий зарар етказилгани аниқланган.
Эслатиб ўтамиз, юқоридаги номлари саналган шахслар жорий йилнинг январь ойида ҳибсга олинган эди.