“Kompromat иши” бўйича суд ҳукми ўзгаришсиз қолди
3-саҳифа
−
15 Ноябрь 2023
4632Кеча, 14 ноябр куни Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида судланувчилар – журналист ва блогер, “Human” ахборот агентлиги раҳбари Хуршид Далиев, “Ўзбекнефтгаз” компанияси собиқ матбуот котиби Сиёвуш Ҳошимов ва уларнинг ҳимоячилари томонидан келтирилган апелляция шикоятлари кўриб чиқилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов QALAMPIR.UZ’га маълум қилди
Билдирилишича, Тошкент шаҳар судининг 2023 йил 14 ноябрдаги ажрими билан жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг 2023 йил 26 сентябрдаги ҳукмининг Хуршид Далиев ва Сиёвуш Ҳошимовга оид қисми ўзгаришсиз, келтирилган шикоятлар эса қаноатлантирилмасдан қолдирилган.
Қайд этилишича, ушбу ажримдан норози тарафлар жиноят-процессуал қонунчилиги талабларига мувофиқ Олий судга кассация тартибида шикоят бериш ёки протест келтиришга ҳақлидир.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 26 сентябридаги жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг ҳукмига кўра, Хуршид Далиевга 3 йилга оммавий ахборот воситаларида ишлаш ҳамда журналистика ва блогерлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари миқдорида жарима ва 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш, Сиёвуш Ҳошимовга эса 3 йилга оммавий ахборот воситаларида ишлаш ҳамда журналистика ва блогерлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганди.
Журналист, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг собиқ матбуот котиби Мавжуда Мирзаевага эса 3 йилга оммавий ахборот воситаларида ишлаш ҳамда журналистика ва блогерлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Шу билан бирга жиноят иши доирасида жабрланувчиларга етказилган моддий зарарни судланувчилардан солидар тартибда ундириш белгиланган.
LiveБарчаси