Комилов ва Блинкен бир-бирини табриклади
Жамият
−
19 Февраль 2022
4523Бугун, 19 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва Америка Қўшма Штатлари Давлат котиби Энтони Жон Блинкен икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан ўзаро қутлов мактублари йўллади.
Абдулазиз Комилов ўз мактубида сўнгги йилларда Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги икки томонлама муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини таъкидлади.
“Мамлакатларимиз ўзаро ҳурмат тамойили асосида сиёсат, иқтисодиёт, инсон ҳуқуқлари ва маданият соҳаларидаги қатор масалалар бўйича муваффақиятли ҳамкорлик қилиб келмоқда”, деган Комилов ўз мактубида.
Шу нуқтаи назардан, анъанавий ўтказиб келинган маслаҳатлашувлар механизми Стратегик шериклик мулоқоти даражасига кўтарилиб, унинг биринчи мажлиси 2021 йилда Тошкент шаҳрида муваффақиятли ташкил этилгани алоҳида таъкидланган.
Шунингдек, АҚШ билан халқаро ва минтақавий форматлар, жумладан, “C5+1” механизми доирасидаги самарали ҳамкорлик эътироф этилган. Афғонистон халқига ёрдам кўрсатиш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳимлиги ҳам қайд этилган.
Ўз навбатида, Энтони Блинкен Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли сиёсий ва иқтисодий янгиланишлар дастурига юқори баҳо берган. Америка томони бундан буён ҳам Ўзбекистоннинг ўз олдига қўйган улкан мақсадларини амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга тайёрлиги таъкидланган.
Мактубда Ўзбекистоннинг “C5+1” платформасини мустаҳкамлашга, жумладан, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш, минтақавий хавфсизликни кучайтириш ва минтақа фаровонлигига кўмаклашиш соҳаларида қўшаётган салмоқли ҳиссаси қайд этилган.
Мактуб якунида Энтони Блинкен Қўшма Штатлар Ўзбекистон олиб бораётган ислоҳотлар дастурини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва конструктив ҳамкорликни давом эттириш тарафдори эканлигини маълум қилган.
Маълумот учун, Ўзбекистон ва АҚШ 1992 йил 19 февраль куни расман дипломатик алоқа ўрнатган. Ўша йили Тошкентда АҚШ элчихонаси очилган.
LiveБарчаси