Комил Алламжонов ва Шерзод Асадов “Дўстлик” ордени билан мукофотланди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг шартнома асосида жалб қилинадиган маслаҳатчиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг АҚШдаги вакили Комил Исмоилович Алламжонов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Коммуникациялар департаменти бошлиғи – Президент матбуот котиби Шерзод Асадов “Дўстлик” ордени билан мукофотланди. Бу ҳақда бугун, 22 август куни Президент тегишли фармонни имзолади.

Фармонга кўра, улар Янги Ўзбекистонда кенг кўламли ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш, унинг иқтисодий тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминлаш, мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътибори ва нуфузини юксалтиришга қўшган муносиб ҳиссаси, илғор инновацион технологияларни амалиётга жорий этиш, замонавий ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, ҳудудлар инфратузилмасини жадал ривожлантириш борасидаги улкан хизматлари, жамиятда ижтимоий барқарорликни сақлаш, маънавий-маърифий ишларни кучайтириш, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўлидаги ибратли фаолияти ҳамда жамоат ишларидаги фаол иштироки учун мукофотланган.

Маълумот учун, Комил Алламжонов мамлакат сиёсий доирасидаги энг ёш амалдорлардан бири эди. У 1984 йилнинг 18 сентябрь куни Тошкентда туғилган. Илк фаолиятини Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси – “Ёшлар” телерадиоканалининг “Давр” информацион кўрсатувида бошлаган.

Унинг назарга тушиши 2005-2013 йилларда Давлат солиқ қўмитаси Матбуот хизмати раҳбари лавозимида ишлаган даври билан боғлиқ. Алламжонов 2017 йилнинг 1 декабридан 2018 йилнинг 3 октябрига қадар Ўзбекистон Республикаси Президентининг Администрацияси раҳбари ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот котиби лавозимида фаолият юритган.

2018 йилнинг 29 ноябрь куни у Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори лавозимига тайинланди. 2020 йилнинг январь ойида ушбу лавозимни тарк этди ва Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси бўлди. 2022 йил июлда эса Алламжонов Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари лавозимига тайинланди. 2023 йил август ойида эса у Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ахборот сиёсати департаментининг раҳбари лавозимига тайинланганди.

2024 йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармони билан Комил Исмоилович Алламжонов бошқа ишга ўтиши муносабати билан Президент Администрацияси Ахборот сиёсати департаментининг раҳбари лавозимидан озод этилганди. У фаолиятини хусусий секторда давом эттиришини маълум қилганди.

Ўтган йилнинг июнида Комил Алламжонов Президент Администрацияси раҳбарининг жамоатчилик асосида мустақил маслаҳатчиси бўлди. Ўша йилнинг ноябрида эса Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг фармойиши билан у маслаҳатчи-вакил – Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг АҚШдаги вакили лавозимига тайинланди. 

Маълумот учун, Шерзод Асадов 1981 йил 4 майда Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида туғилган. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини “Халқаро иқтисодий муносабатлар” мутахассислиги бўйича тамомлаган. Рус, инглиз, испан ва турк тилларини билади.

2007–2008 йилларда Ўзбекистон Республикаси ТИВ ташқи сиёсий фаолият таҳлили ва стратегияси бош бошқармасида референт ва атташе бўлиб ишлаган. 2008–2012 йилларда Ўзбекистоннинг Сингапурдаги элчихонасида дастлаб атташе, кейин эса учинчи котиб лавозимида фаолият кўрсатган. Узоқ муддатли хизмат сафаридан сўнг иш фаолиятини Ташқи ишлар вазирлиги тизимида давом эттирган. 2012 йилдан 2015 йилгача МДҲ ва ШҲТ мамлакатлари билан ҳамкорлик бошқармасида иккинчи котиб, биринчи котиб ва бўлим бошлиғи лавозимларида ишлаган. МДҲ ва ШҲТ билан ҳамкорлик бошқармасидаги фаолияти даврида трансчегаравий ҳамкорлик масалалари билан шуғулланган. 2015-2017 йилларда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг ёрдамчиси лавозимида фаолият юритган ва бир вақтда вазирлик котибиятини бошқарган. У Ўзбекистоннинг Австриядаги элчихонаси маслаҳатчиси ва элчиси ҳам бўлиб ишлаган.

2020 йил 19 мартда Шерзод Асадов Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари этиб тайинланган ҳамда ушбу лавозимда Ўзбекистоннинг БМТ, ЙХҲТ ва Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик масалаларига масъул бўлган. Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йил 24 мартда уни Президент Администрацияси раҳбари ўринбосари – Президент матбуот котиби этиб тайинлаган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг