Комил Алламжонов халқаро ташкилотларга ЛГБТ бўйича мурожаат билан чиқди
Жамият
−
30 Март 2021
17376Хорижий ташкилотлар Ўзбекистон ёки бошқа ҳар қандай давлатга бирор талаб қўйишдан олдин миллатнинг менталитети, дини, маданияти, урф-одатларини инобатга олиши керак. Бу ҳақда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси сўнгги вақтларда муҳокама марказида бўлиб келаётган ЛГБТ масаласи бўйича мурожаатида айтиб ўтди.
“Албатта, инсон ҳуқуқлари муҳим масала ва ҳар бир фуқаро юриш-туришидан қатьи назар, давлат ҳимоясида бўлади. Лекин асосий қисмини мусулмонлар ташкил этган бизнинг юртда ғайритабиий эркак ва аёлларни жамият қабул қилмайди! Муқаддас Ислом динимиз, маданиятимиз бунга йўл қўймайди.
Мана, Бозоров мисолини олайлик, ўйлаб-ўйламай гапиришнинг ўзи қандай оқибатларга олиб келди?! Аслида, бизники каби давлатларда бесоқолбозликка қарши қонунлар енгиллаштирилса ҳам жамият буни қабул қилмайди ва бу қуруқ қоғозда қолиб кетаверади. Чунки, жазо бекор қилиниб, бундай тоифалар бемалол кўча-кўйда ўзини кўрсата бошласа, “самосуд”лар кўпайиб кетиши мумкин. Расмий жазо белгиланмаган тақдирда ҳам, мусулмонлардан иборат жамият уларни барибир қўймайди. Ўз ўзидан кичик бетартибликлар катта муаммоларни келтириб чиқаради. Шунинг ўзи ҳамма саволга жавоб бўлиши керак!” дейди Алламжонов.
Шунингдек, Масс-медиа фонди раиси барча оммавий ахборот воситалари ва блогерларни ЛГБТ мавзусини тинимсиз ёритишни тўхтатишга чақирган:
“Ўрни келганда, барча оммавий ахборот воситалари, блогерларни ЛГБТ мавзусини тинимсиз ёритишни тўхтатишга чақираман. Бу масаланинг ҳадеб муҳокама қилиниши одамларнинг этини ўлдиради. Ўта ёқимсиз мавзуни оддий ҳолдек қабул қила бошлаймиз, бу кетишда. Аслида, бунақа гаплар одам эшитганда сесканадиган даражада кам қулоққа чалиниши керак.
Оммавий муҳокама кимларнингдир (айниқса, руҳияти тўлиқ шаклланмаган ўсмир-ёшларнинг) беихтиёр қизиқишини оширади. Натижада, ушбу ярамас ҳолат жамият онгига киши билмас сингдирилади. Ақлни ишлатайлик, провокацияларга берилмайлик”.
Комил Алламжонов демократия мавзусига тўхталиб, унинг туб маъноси қандай экани ва бўлиб ўтган воқеаларнинг сабабчилари – блогерлар жазоланишини сўради.
“Демократия сўзининг туб маъноси – халқ ҳокимияти, дегани. Модомики, халқнинг асосий қисми нимагадир қарши экан, демак, унинг хоҳиш-танловини инобатга олиш шарт, ана шу — демократия!
Куни-кеча бўлиб ўтган воқеаларнинг сабабчилари – блогерлар фаолиятига АОКА қонуний баҳо бериши ва қонунни бузган барчага жазо қўлланилиши зарур. Мен ҳар қандай ноқонуний намойишлар ҳамда безориликни кескин қоралайман”, дейди Масс-медиа фонди раиси.
Аввалроқ, Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти расмий Тошкентга мамлакат Жиноят кодексидан 120-модда – бесоқолбозликни чиқариб ташлаш ва жиноий жавобгарликни бекор қилишни сўраб мурожаат билан чиққанди.
Шундан сўнг, бу масала кун тартибига чиқди ва айни вақтда кенг жамоатчилик томонидн қизғин муҳокама қилиняпти. Бесоқолбозлик бўйича Human Rights Watch сўровига депутат Расул Кушербоев ва Ислом цивилизацияси маркази Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бош мутахассиси Аброр Мухтор Алий, таниқли олим Мубашшир Аҳмад ҳам муносабат билдирди. Улар бесоқолбозликка оид модданинг жиноят кодексидан чиқариб юборилиши ҳам сиёсий, ҳам диний йўқотишларга сабаб бўлишини урғулаганди.
Жорий йилнинг 28 март куни Тошкентдаги Амир Темур хиёбонида мамлакатда бесоқолбозликни қўллаб-қувватлаётган шахслар ва уларнинг ғояларига қарши намойиш ўтказилди.
Кейинчалик Тошкент шаҳар ИИББ “Сквер”даги намойишда 12 киши ҳибсга олингани ҳақида хабар берди.
Шунингдек, Ўзбекистонда ЛГБТ ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган Миразиз Бозоров ўласи қилиб дўппосланди.
Шундан сўнг АҚШ элчиси Бозоровнинг дўппосланишини суриштиришни сўради. Унинг ортидан Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Тим Торлот Тошкентда бесоқолбозлик – ЛГБТ ғояларини ҳимоя қилиб келаётган блогер Миразиз Бозоровнинг калтакланганига муносабат билдирди.
LiveБарчаси