Кометалар Ерни эмас, Марсни ҳаёт учун зарур моддалар билан кўпроқ бойитган бўлиши мумкин
Олам
−
18:15 316 2 дақиқа
Кометалар ҳаёт пайдо бўлиши учун зарур кимёвий моддаларни Ерга эмас, Марсга кўпроқ етказган бўлиши мумкин. Янги тадқиқотга кўра, Қизил сайёрада бундай моддаларнинг сақланиб қолиш эҳтимоли Ердагидан анча юқори бўлган. Бу ҳақда “Naked Science” нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, Кембриж университети Астрономия институти ва Кавендиш лабораторияси олимлари кометаларнинг Ер, Марс ва Венерага тушиш жараёнини компьютер модели орқали ўрганган. Тадқиқотда ҳаёт пайдо бўлиши учун муҳим ҳисобланган синил кислотаси (HCN) молекуласининг сайёраларга қанча миқдорда етиб бориши ва сақланиб қолиши мумкинлиги таҳлил қилинган.
Олимлар Ерга тушган кометаларнинг аксарияти атмосферада парчаланганини, қолганларининг кўп қисми эса океанга тушганини аниқлаган. Бундай шароитда синил кислотаси ё атмосферада тарқалиб кетган, ёки сувда эриб, ҳаёт пайдо бўлиши учун зарур концентрацияга ета олмаган. Қуруқликка тушган кометаларда эса кучли иссиқлик таъсирида ушбу молекулалар парчаланган бўлиши мумкин.
Ҳисоб-китобларга кўра, кометалар Ерга жами 26,5 миллиард тонна синил кислотасини бутун ҳолда етказган бўлиши мумкин. Бироқ бу миқдор океан сувида жуда паст концентрацияни ҳосил қилган. Олимлар қайд этишича, бу ҳаёт пайдо бўлиши учун зарур бўлган кўрсаткичдан бир неча даража паст.
Тадқиқотда Марс ва Венерадаги шароитлар ҳам таққосланган. Венеранинг зич атмосфераси кометаларни ҳатто сайёра юзасига етиб бормасидан парчалаши мумкин. Марсда эса атмосферанинг сийраклиги ва тортишиш кучининг пастлиги туфайли Ерга нисбатан 8,5 баравар кўпроқ комета таркибидаги синил кислотаси сақланган ҳолда сайёра юзасига етиб бориши мумкин бўлган.
Шу сабабли олимлар Марсни ҳаёт учун зарур кимёвий моддаларнинг космосдан келиб тушиши нуқтаи назаридан Ерга қараганда қулайроқ сайёра деб баҳоламоқда. Бироқ бу ҳисоб-китоблар Марснинг ҳозирги шароитига асосланган.
Планетологлар эса қадимда Марсда денгизлар бўлгани ва сайёра атмосфераси ҳозиргига нисбатан анча зич бўлганини кўрсатувчи далилларни кузатмоқда. Бу эса ўша даврда кометалардан келган моддаларнинг сақланиб қолишига қандай таъсир кўрсатгани ҳақида қўшимча саволларни келтириб чиқаради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Африканинг Мали давлати ҳудудидаги Саҳрои Кабирдан 2022 йилда топилган Марс метеоритининг ёши камида 4,1 миллиард йил экани аниқлангани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси