“Коля Қирғиз”нинг 76 ёшли онаси 7 йилга озодликдан маҳрум этилди
3-саҳифа
−
09 Август
124962023 йил октябрь ойида ҳуқуқ-тартибот идораларининг махсус операцияси пайтида ўлдирилган қирғизистонлик криминал авторитет Қамчибек Қўлбоевнинг онаси 76 ёшли Мая Алиева мол-мулки мусодара қилиниб, 7 йилга озодликдан шартли маҳрум этилди. Бу ҳақда “Kaktus Media” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Мая Алиева Қирғизистон Жиноят кодексининг 222-моддаси (Жиноий даромадларни легаллаштириш) бўйича айбланди. Унинг номига ўғли Қамчибек Қўлбоев томонидан ноқонуний йўллар билан қўлга киритилган 13 та кўчмас мулк рўйхатга олинган. Прокурор хатланган мулкларни давлат фойдасига мусодара қилиш билан бирга 10 йил қамоқ жазосини сўраган эди.
Суд тайинланган жазо бир йил синов муддати билан шартли деб ҳисобланишини маълум қилди. Судланувчи ушбу синов муддати давомида жиноятга қўл урмаса ва суд томонидан юкланган мажбуриятларни бажарса, ҳукм ижро қилинмайди.
Суд ҳукмида айтилишича, Мая Алиева номига рўйхатдан ўтказилган умумий қиймати 2 миллиард қирғиз сўмидан ортиқ (деярли 25 миллион доллар) бўлган кўчмас мулк мусодара қилинади. Жумладан, Бишкекда бир нечта квартиралар, Чўлпон-Ота шаҳридаги уй, Чўлпон-Ота курорт-рекреацион ҳудудидаги иккита ер участкаси, Бўстери қишлоғидаги дўкон, иккита катта қўйхона, Чўлпон-Ота шаҳридаги савдо мажмуаси, Чўлпон-Ота шаҳридаги суғориладиган экин майдонлари, “Барлар” спорт мажмуаси.
Июль ойида Алиеванинг яна бир ўғли (унинг жами 6 нафар фарзанди бор) Жўлдошбек Қўлбоев Қирғизистон Президентига видеомурожаат қилиб, онаси “инсултга учрагани, ётоқдан туролмайдиган, аниқ гапира олмайдиган бўлиб қолгани, суд мажлислари унинг хонадонида ўтаётганидан” шикоят қилган эди.
Шунингдек, Қамчибек Қўлбоевнинг беваси Нурия Тентешевага нисбатан ҳам суд ҳукми чиқарилган. У сиртдан 8 йилга озодликдан маҳрум этилган ва қидирувга берилган.
Маълумот учун, “Коля Қирғиз” лақабли Қамчибек Қўлбоев Қирғизистондаги энг машҳур криминал авторитетлардан бири бўлиб, АҚШ разведка идоралари уни дунёдаги энг йирик наркобаронлар рўйхатига ва Қўшма Штатлардаги мол-мулки мусодара қилиниши керак бўлган собиқ СССР мамлакатларидан келган топ-10 жиноятчи қаторига киритган. Қўлбоевни ҳибсга олиш ёки унинг уюшган жиноий гуруҳининг “молиявий оқимини бузиш”га ёрдам берадиган маълумот учун 5 миллион доллар мукофот эълон қилинган эди.
Қўлбоев 2023 йил 4 октябрь куни Қирғизистон хавфсизлик кучларининг махсус амалиёти чоғида ўлдирилган. Бир неча кун ўтгач, Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси унинг ноқонуний йўллар билан қўлга киритган, шу жумладан қариндошлари ва шериклари номига расмийлаштирилган активлари қиймати 1 миллиард долларга яқин эканини маълум қилган.
LiveБарчаси