Колумбиядаги конда портлаш содир бўлди. Қурбонлар бор
Олам
−
15:11 339 1 дақиқа
Кеча, 14 август куни Колумбиянинг марказий қисмида жойлашган Кундинамарка департаментидаги кўмир конида портлаш содир бўлиб, олти нафар кончи ҳалок бўлди. Бу ҳақда “sarawaktribune” хабар берди.
Маълум қилинишича, воқеа Кукунуба шаҳридаги “El Porvenir 1” конида юз берган. Қутқарув ишлари якунланганидан сўнг кон ичида қолиб кетган олти кишининг жасади топилган.
Кундинамарка губернатори Хорхе Эмилио Рейнинг билдиришича, мазкур кон махсус захира ҳудуди таркибига киради ва ҳозирда уни расмийлаштириш жараёни давом этмоқда.
Қайд этилишича, кон яқинда Миллий кон агентлиги томонидан текширилган. Текширув давомида хавфсизлик билан боғлиқ камчиликлар аниқланган ва уларни бартараф этиш учун ишларни вақтинча тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилинган.
Губернаторнинг айтишича, шунга қарамай, конда ишчилар нима сабабдан фойдали қазилма қазиб олиш ишларини давом эттиргани бўйича текширув ўтказилади. Ходимлар тақиққа қарамай ишлагани ҳолатига ойдинлик киритиш учун тегишли идоралар иш олиб боради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Покистоннинг Балужистон вилоятидаги кўмир конида портлаш содир бўлиб, ҳодиса оқибатида камида 32 киши бўлгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси