Колумбияда лой вулқони отилди (видео)
Олам
−
26 Февраль 1661 1 дақиқа
Кеча, 25 февраль куни Колумбиянинг шимоли-ғарбий қисмида лой вулқони отилди. Эҳтиёт чораси сифатида яқин атрофдаги аҳолини эвакуация қилинди. Бу ҳақда BNO News нашри хабар қилди.
Хабарда келтирилишича, ҳодиса Антиокия департаментига қарашли Сан-Хуан-де-Ураба шаҳрида содир бўлган. Маҳаллий расмийлар лой вулқони шаҳар сув тозалаш иншооти ва аҳоли турар жой пунктига яқин ҳудудда отилганини маълум қилган.
Ҳозирча жабрланганлар қайд этилмаган. Айни пайтда фақат Сиэте-Вуэлтас тумани томон олиб борувчи йўлга зарар етган, холос.
Бу каби лой вулқонлари лой, сув ва метан каби газлар аралашмасини отилиб чиқарадиган геологик қоришмадан юзага келади. Магматик вулқонлардан фарқли равишда уларда эриган лава бўлмайди, бироқ газлар алангаланиши оқибатида баъзан босим билан отилиб чиқиши ва ёнғинларга олиб келиши мумкин.
Колумбияда, айниқса, Кариб денгизи соҳиллари бўйлаб, ўнлаб лой вулқонлари мавжуд. Мамлакат, шунингдек, Тинч океани бўйлаб жойлашган “Олов ҳалқаси” ҳудудида жойлашган бўлиб, бир нечта фаол магматик вулқонларга ҳам эга. Шунга қарамай, лой вулқонлари асосан пасттекисликдаги қирғоқ ҳудудларида кўпроқ учрайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Филиппин вулқоншунослик ва сейсмология институти (Phivolcs) Майон вулқони бўйича огоҳлантириш даражасини беш босқичли шкалада учинчи даражага кўтарганди.
Live
Барчаси