Колумбия Президенти Кариб денгизидаги хазинани олиб чиқишни буюрди
Бу қизиқ
−
07 Ноябрь 2023
12527Колумбия Президенти Густаво Петро 1708 йилда Кариб денгизи тубига чўкиб кетган “Сан-Хосе” кемасини қуруқликка олиб чиқишни буюрди. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.
Маълум қилинишича, Колумбия Президенти Густаво Петро президентлик муддати тугагунга қадар, яъни 2026 йилгача Испания ҳарбий-денгиз кучларининг 62 қуролли 3 устунли галеони – “Сан-Хосе”ни қирғоққа чиқариш истагида. Петро лойиҳани амалга ошириш учун давлат-хусусий шерикликни йўлга қўйишни сўраган.
Бироқ хазинага Американинг Sea Search Armada компанияси ҳам даъвогарлик қилмоқда. Чунки компания 1981 йилда кема қолдиқларини биринчи бўлиб аниқлаган. 2015 йилда эса Колумбиянинг собиқ президенти Хуан Мануэл Сантос мамлакат ҳарбий-денгиз кучлари Колумбия ҳудудий сувлари тубида тахминан 700 метр чуқурликда чўкиб кетган тарихий кема бўлакларини аниқлаганини қайд этган.
Гап шундаки, “Сан-Хосе” кемаси 1708 йилда инглиз эскадрони билан жангда бортидаги ёнғин сабаб Кариб денгизи тубига ғарқ бўлган. Мутахассисларнинг фикрича, галеон бортида олтин, кумуш ва зумрад билан тўлдирилган сандиқлар бўлган. Ҳозирда мазкур хазинанинг тахминий қиймати 4 миллиард доллардан 20 миллиард долларгача баҳоланмоқда.
Шу боис, Sea Search Armada компанияси суд орқали Колумбия расмийларидан 10 миллиард доллар талаб қилмоқда.