Колорадо дарёси йўқ бўлиб кетиши мумкин
Олам
−
17 Май 4032 2 дақиқа
АҚШ марказининг ғарбий қисмида жойлашган Колорадо дарёсининг сув захиралари тугамоқда, вазият инқироз ёқасига келиб қолган. Бу ҳақда CBS News телеканали хабар берди.
Нашрнинг маълумотларига кўра, АҚШ ғарбида истиқомат қилувчи қарийб 40 миллион киши ҳар куни айнан шу дарёдан сув олади. Аҳоли сонининг ўсиб бориши манбадан тобора кўпроқ сув истеъмол қилинишига олиб келмоқда, “она табиат” эса сув ресурсларини қайта тиклашга ёрдам бермаяпти.
“Сув омборларида сув сатҳи пасайишининг бир нечта сабаблари бор. Гап фақат битта омилда эмас, лекин бу йил она табиат бизга албатта ёрдам бермади”, дейди Аризона штати университети ҳузуридаги Кайл номидаги сув сиёсати маркази директори Сара Портер.
Хусусан, дарёни тўйинтирувчи Тоғли қоялардаги қор қоплами шу қишда рекорд даражадаги энг паст кўрсаткичга тушган. Бунинг оқибатида Мид ва Пауэлл кўллари каби йирик сув омборларида сув сатҳи критик даражада пасайиб кетган.
“Аризона, Калифорния ва Невада штатлари расмийлари сувни тежаш учун кураш бошлашган, бироқ улар дарёни қуриб қолишдан қутқариб қоладиган якуний келишувга эриша олмаяптилар”, дейилади мақолада.
Юзага келган вазият қишлоқ хўжалиги, гидроэнергетика ва сув таъминотини хавф остида қолдирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ер сайёраси энг йирик иқлим фалокатига дуч келиши эҳтимоли борлиги – олимлар бундан 150 йил аввал ўн миллионлаб одамларнинг ёстиғини қуритган янги Эль-Ниньо циклини кутаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси