Коинот қачон ва қандай якун топади?
Бу қизиқ
−
24 Март 46941 5 дақиқа
Коинотнинг тақдири илм-фандаги энг сирли саволлардан бири бўлиб келган. Бу йўналишда мутахассислар ҳам жавоблардан кўра саволлар кўпроқ эканини тан олади. Бу ҳақдаги тадқиқот BBC’да эълон қилинди.
NASA маълумотига кўра, у фазонинг тўлиқ ҳажмини, моддани (жой эгаллайдиган ва массага эга бўлган барча нарсани), энергияни ва ҳатто, вақтнинг ўзини ҳам қамраб олади. Унинг қандай пайдо бўлгани эса астрономларнинг “Буюк портлаш” назариясига бориб тақалади.
Бу назарияга кўра, тахминан 13,8 миллиард йил аввал коинот ниҳоятда иссиқ ва зич ҳолатда бўлган ва шундан бери кенгайиб келмоқда. Коинот кенгайгани сари вақт ўтиши билан галактикалар, юлдузлар ва сайёралар шаклланган. Ва коинот кенгайишда давом этмоқда.
“Бизнинг ишимиз дарёнинг бутун оқимини кузатишга ўхшайди, аммо ундан ўтадиган сув молекулаларининг ҳар бирини батафсил ўрганолмаймиз”, дейди Бразилиядаги Санта Катерина федерал университетининг физика профессори Алехандр Забот.
Коинотнинг охири ҳақидаги уч назария
1. Буюк музлаш. Англиядаги Гринвич қироллик обсерваторияси маълумотига кўра, агар коинот кенгайишда давом этса, энергия тобора тарқалиб боради ва галактикалар бир-биридан узоқлашади. Вақт ўтиши билан янги юлдузлар “туғилмайди”, мавжудлари эса сўниб боради. Обсерватория триллионлаб йиллар ўтиб, коинот аста-секин қоронғилашиши ва ниҳоят совуқ, деярли бўш ҳолатга келишини маълум қилган. Бу гипотеза “Буюк музлаш” ёки “Иссиқликнинг ўлими” деб аталади. Бу ғоя охир-оқибат барча атомлар термал мувозанатга (ҳар жойда бир хил ҳароратга) эришади ва ҳаракат деярли тўхташини англатади.
“Буларнинг барчаси коинот тобора бўш, совуқ ва узоқроқ бўлаётганини кўрсатмоқда. Галактикалар бир-биридан янада узоқлашмоқда, юлдузлар эса қариб, сўнади. Бу коинот гўё қабристонга айланган якуний ҳолатдир”, дея тасвирлаган Бразилиядаги Сао Пауло Университети физика институти доценти Рауль Абрамо.
2. Буюк йиртилиш. Агар буюк музлаш сценарийси етарлича даҳшатли туюлмаса, ундан ҳам драматик эҳтимол мавжуд. Бу назария коинотнинг қоронғи энергия таъсирида тобора тезлашиб кенгайиб бориши ғоясига асосланади. Агар бу жараён давом этса, кенгайиш шундай даражага етиши мумкинки, гравитация ҳеч нарсани бир бутун ҳолда ушлаб тура олмайди. Бу гипотеза “Буюк йиртилиш” деб аталади. NASA таърифига кўра, гравитация жисмларни марказга тортадиган куч бўлиб, сайёраларни Қуёш атрофида ушлаб туради ва коинотдаги тизимларни бирлаштиради. Қоронғи энергия эса аксинча, итарувчи таъсир кўрсатади. Мутахассислар уни анти-гравитация деб ҳам таърифлайди. NASA 1990 йилларнинг охирларида коинотнинг тахминан 68,3-70 фоизи қоронғи энергиядан иборат бўлиб, айнан шу энергия коинотнинг тобора тезлашиб кенгайишига сабаб бўлишини аниқлаган. Бунинг бунчалик кеч аниқланишининг сабаби гравитациянинг одамлар, сайёралар ва ҳатто, галактикалар миқёсида устун куч эканидир. Қоронғи энергия эса фақат жуда катта галактикалараро миқёсда сезилиши мумкин.
“Коинот кенгайиб, унинг ҳажми ортиб боргани сари қоронғи энергияга боғлиқ итарувчи куч ҳам кучаяди. Коинот кенгайгани сайин қоронғи энергия кичикроқ миқёсларда ҳам таъсир кўрсата бошлаши мумкин”, дейди Забот.
Агар қоронғи энергия назоратдан чиқса, у юлдузлар, сайёралар ва ҳатто атомларни ҳам парчалаб юбориши мумкин.
3. Буюк чўкиш. Яна бир пессимистик эҳтимол ҳам мавжуд. Агар қоронғи энергия заифлашса ёки тескари таъсир кўрсата бошласа, гравитация коинотни яна бир марказга тортиши мумкин. Бу жараён NASA томонидан Буюк чўкиш деб аталган. Бу сценарийда коинот ўз ичига чўкиб боради.
Бошқа бир назарияга кўра, коинот ягона нуқтага сиқилгач, янги Буюк портлаш орқали яна “қайта туғилиши” мумкин. Бу Буюк сакраш деб аталади. Бу моделга кўра, коинот чексиз кенгайиш ва торайиш даврига тушиб қолиши мумкин. Бироқ Абрамо бу борада эҳтиёткорлик билан ёндашиб, бу жуда ғайриоддий модель ва ҳозирча уни тасдиқловчи ҳеч қандай далил йўқлигини айтган.
Хўш, коинотнинг охири қачон?
Коинотнинг қачон якун топишини билиш мумкинми? Албатта, олимлар бу саволга аниқ жавоб бера олмайди. Абрамо келажакда буюк йиртилиш ёки катта сиқилиш бўлишини кўрсатувчи ҳеч қандай аниқ белги йўқ эканини таъкидлаган. Забот эса вақт миқёсининг тасаввур қилиб бўлмас даражада катта эканини билдирган.
“Баъзи тахминларга кўра, бу триллионлаб йиллардан кейин содир бўлиши мумкин, бошқалари эса бундан ҳам узоқ вақтни назарда тутади”, деган Забот.
Коинот камида 13,8 миллиард ёшда эканини ҳисобга олсак, у ҳали триллион ёшга етишига 986,2 миллиард йил бор. Голландиядаги Радбоуд университети тадқиқотига кўра, коинот аввалгидан ҳам тезроқ “емирилмоқда”. Олимлар охирги юлдуз қолдиқлари йўқолиши тахминан 10⁷⁸ (1 нинг ёнига 78 та ноль қўйилган) йил давом этишини ҳисоблашган. Бу жараённинг бирор босқичига инсониятнинг гувоҳ бўлиши эҳтимоли эса жуда паст. Ер эса анча олдин йўқ бўлиши кутилмоқда. Қуёш тахминан 6 миллиард йилдан сўнг қизил гигантга айланиб, сайёрамизни йўқ қилиши тахмин қилинмоқда.
Абрамо таъкидлашича, космология ҳақида ҳали жуда кам маълумотга эгамиз ва мавжуд имкониятлар коинотни тўлиқ ўлчашни қийинлаштиради. Бу эса кўпроқ назарий ғояларга йўл очади. Улардан бири бир нечта коинот мавжуд бўлиши мумкин деган ғоядир.
Live
Барчаси