Унутилган Совет “Луноход”и 40 йил ўтиб Ойдан сигнал юборди

Бу қизиқ

image

1971 йилда алоқа узилган совет аппарати “Луноход-1” кутилмаган тарзда яна олимларнинг эътибор марказига тушди. Аппарат Ой юзасидан сигнал қайд этилганини аниқлади. Бу ҳақда “Spacedaily” нашри хабар қилди.

“Луноход-1” Ер йўлдошига 1970 йил ноябрь ойида “Луна-17” миссияси доирасида етказилган. Дастлаб аппарат қисқа муддат ишлаши режалаштирилган, аммо у қарийб бир йил фаолият юритиб, Ой юзаси бўйлаб тахминан 10,5 километр масофани босиб ўтган ҳамда Ерга кўплаб суратлар ва илмий маълумотларни юборган.

Аппарат билан алоқа 1971 йил кузида бутунлай йўқолган. Вақт ўтиши билан олимлар унга ўрнатилган лазер қайтаргичдан ҳам фойдалана олмай қолган, чунки “Луноход-1”нинг аниқ координаталари йўқолган. Вазият фақат 2010 йилда ўзгарган. Американинг “Lunar Reconnaissance Orbiter” зонди Ой юзасининг батафсил суратларида аппаратни аниқлаган. Шундан сўнг, тадқиқотчилар “Луноход” томон лазер импульси юбориб, кучли жавоб сигнали олган.

Олимларнинг сўзларига кўра, совет аппаратидаги қайтаргич ҳатто “Луноход-2”никидан ҳам самарали чиққан. Илк ўлчовларда аппарат тахминан 2 минг фотонни қайтарган. Бу эса, аввалги 750 фотонлик рекорддан анча юқори натижа ҳисобланади.

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, бундай лазер ўлчовлари Ер ва Ой ўртасидаги масофани юқори аниқлик билан ҳисоблаш, шунингдек, Ой ҳаракати ва унинг ички тузилишини ўрганишга ёрдам беради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ NASA’нинг Artemis II миссияси муваффақиятли якунлангани ва Orion космик кемаси тўрт нафар астронавт билан Ой атрофини айланиб чиқиб, Калифорния яқинидаги Тинч океанига қўнгани хабар қилинган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ой NASA Artemis II Луноход-1

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг