Когонда электр ва гибрид автомобиллар ишлаб чиқарилади

Жамият

image

Бухоро вилоятининг Когон туманида электр ва гибрид автомобиль ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда бугун, 2 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев ўтказган Бухоро вилоятида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги, ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан йиғилишда маълум қилинди.

Қайд этилишича, Бухоро вилояти саноат, қишлоқ хўжалиги, хизматлар ва туризм соҳаларида ҳеч бир ҳудуддан кам бўлмаган улкан имкониятларга эга. Вилоятда 2 та йирик нефть-газ кимё корхонаси фаолият юритмоқда, яна биттаси барпо этилмоқда. Шунингдек, қиймати 5,2 миллиард доллар бўлган, умумий қуввати 4,5 гигаваттга тенг 10 та йирик қуёш ва шамол электр станцияси қурилиши жадал кетмоқда.

2025 йилда ҳудудий ялпи маҳсулот ҳажми 7,2 фоизга ошиб, 86,6 триллион сўмга етган, саноатда 7,1 фоиз, қишлоқ хўжалигида 4,3 фоиз, хизматлар соҳасида 14 фоиз ўсиш қайд этилган. Ишсизлик 2024 йилга нисбатан 4,7 фоизгача, камбағаллик даражаси 6,0 фоизгача пасайган.

Йиғилишда Бухоро вилоятини 2026 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари кўриб чиқилган. Хусусан, ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини 102,1 триллион сўмга етказиб, 9,1 фоиз ўсишга эришиш, саноат ҳажмини 9,1 фоизга, қишлоқ хўжалигини 5,9 фоизга, хизматлар ҳажмини эса 20,1 фоизга ўстириш вазифалари белгиланган. Ишсизлик ва камбағаллик даражасини 2 фоизгача қисқартириш, 381,5 минг нафар аҳолини даромадли қилиш назарда тутилган.

Шу мақсадда Бухоро ва Когон шаҳарлари, шунингдек, Олот, Пешку, Қоракўл, Шофиркон, Ғиждувон ва Қоровулбозор туманларини ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудларга айлантириш бўйича манзилли чоралар амалга оширилиши қайд этилган.

Давлат раҳбари Бухоро уч минг йиллик тарихга эга кўҳна замин экани, бундай бой маданий мерос ва тарихий обидалар жамланган шаҳарлар дунёда кам учрашини таъкидлади. Бу салоҳиятни иқтисодий ўсиш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадини ошириш ва инфратузилмани яхшилашга хизмат қилдириш зарурлиги қайд этилган.

Инвестиция ва экспорт йўналишида 2026 йилда 3,3 миллиард долларлик хорижий инвестицияларни ўзлаштириш, 1,5 миллиард долларлик экспортни таъминлаш, умумий қиймати 9,2 миллиард долларлик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш вазифаси қўйилган.

Саноатни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Қайд этилишича, саноат тармоқлари кесимида 61 та йирик лойиҳа шакллантирилган бўлиб, уларнинг умумий қиймати 2,2 миллиард долларни ташкил қилади. Натижада 18 минг та янги иш ўрни яратиш, аҳоли жон бошига саноат ҳажмини 25,6 миллион сўмдан 29,6 миллион сўмга етказиш мўлжалланган.

Хусусан, Когон туманида йилига 80 мингта электр ва гибрид автомобиль ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган. Лойиҳанинг қиймати 350 миллион долларни ташкил этиб, 500 та иш ўрни яратилади.

Шунингдек, Бухоро туманида пиролизни қайта ишлаш орқали бензол, толуол, ксилол, пентан, гексан, битум ва кальций хлорид ишлаб чиқариш бўйича 220 миллион долларлик лойиҳани амалга ошириш, Қоровулбозор туманида 85 миллион долларлик лойиҳа асосида AI-91 ва AI-92 бензин ишлаб чиқаришни кенгайтириш, Когон туманида қоғоз ва картон маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш кўзда тутилган.

Қоровулбозор туманида йилига 100 минг тонна минерал ўғит ишлаб чиқариш, Когон туманида гипсокартон ишлаб чиқаришни кенгайтириш режалари ҳам муҳокама қилинган.

Шу билан бирга, 61 та мавжуд саноат зонасидаги бўш ер майдонларида жойлаштириладиган янги ишлаб чиқаришлар учун устувор йўналишлар белгилаб олинган. Жумладан, Бухоро шаҳри ва Бухоро туманида озиқ-овқат ва мебелчилик, Вобкентда чарм ва енгил саноат, Когон ва Қоровулбозорда нефть-кимё, Шофиркон ва Пешкуда фармацевтика ҳамда озиқ-овқат, Ғиждувонда қурилиш материаллари йўналишларига устуворлик берилади.

Қишлоқ хўжалигида замонавий ердан фойдаланиш технологиялари ва ирригация тизимларини жорий этиш ҳисобига 100 минг гектар ерни ўзлаштириш ва фойдаланишга киритиш мумкинлиги қайд этилди. Бу вилоят иқтисодиёти ва экспорт салоҳиятини сезиларли оширишга хизмат қилади.

Йиғилишда вилоятдаги 3 миллион гектар яйлов ерларидан самарали фойдаланиш, чорвачиликни ривожлантириш, озуқабоп экинлар майдонини кенгайтириш бўйича янги ёндашувлар ҳам муҳокама қилинган. Жорий йилда 59,2 минг гектар майдонга тўлиқ озуқабоп экинлар экиш режалаштирилган. Шунингдек, умумий қиймати 454 миллиард сўм бўлган 82 та чорвачилик лойиҳасини амалга ошириш, бу мақсадда четдан 20 минг бош наслли қорамол, 30 минг бош қўй ва 200 бош от олиб келиш кўзда тутилган.

Пахтачилик, ғаллачилик ва сув тежаш йўналишларида ҳам аниқ вазифалар белгиланган. Хусусан, 2026 йилда пахта ҳосилдорлигини 52 центнерга, ғалла ҳосилдорлигини 100 центнерга етказиш, 96,8 минг гектарда сув таъминоти ва мелиоратив ҳолатни яхшилаш, 453,5 миллион куб метр сувни иқтисод қилиш, 742 та қишлоқ хўжалиги техникасини олиб келиш режалаштирилган.

Чорвачиликда ҳар бир туманда 50 бош наслли қорамолга мўлжалланган замонавий мини-фермалар ташкил этиш таклифи кўриб чиқилган. Ушбу дастур доирасида 110 та лойиҳа амалга оширилиб, 5,5 минг бош наслли қорамол олиб келинади, 3 минг 750 та янги иш ўрни яратилади ва 51,5 минг тонна қўшимча сут ишлаб чиқариш қуввати шакллантирилади.

Хизматлар ва аҳоли бандлигини таъминлаш йўналишида маҳаллалар ихтисослашуви асосида 49 та лойиҳа амалга оширилиши, 33 та савдо ва сервис кўчаси, 2 та соҳил бўйи ҳудуди, 4 та туризм маҳалласи ва 10 та йўл бўйи лойиҳаси ташкил этилиши белгиланган. Бунинг учун жами 12,5 триллион сўм молиявий ресурс, жумладан, 7,5 триллион сўм кичик ва ўрта бизнесга йўналтирилади.

Туризм соҳаси ҳозирда асосан Бухоро шаҳри ҳисобига тўғри келаётгани, вилоятнинг бошқа туманларидаги имкониятлар эса ҳали тўлиқ ишга солинмагани қайд этилган. Жондор, Ғиждувон, Бухоро, Қоракўл ва Вобкент туманларида соҳил бўйи ва йўл бўйи драйвер лойиҳаларини амалга ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли учун замонавий дам олиш муҳитини шакллантириш бўйича катта имкониятлар борлиги кўрсатиб ўтилган.

Шу муносабат билан 2026 йилда 3,5 миллион хорижий ва 5,5 миллион маҳаллий сайёҳни жалб қилиш, умумий туристлар сонини 9 миллионга етказиш вазифаси қўйилган. Бунинг учун 2026 йилда 73 та янги жойлаштириш воситаси, 15 та янги туроператор ва турагент ишга туширилади.

Бухоро шаҳрида барпо этилаётган янги туризм марказида 5 та халқаро брендли меҳмонхона ташкил этиш, Шофиркон туманида “Хўжа Ориф”, Бухоро туманида “Чор Бакр” ва “Ёржон” туризм қишлоқларини ривожлантириш, Бухоро шаҳрида “Мохи Хоса” туризм маҳалласини шакллантириш назарда тутилган. Бухоро тарихий марказида UNESCO талабларига мос алоҳида маъмурий бошқарув тизимини жорий қилиш муҳимлиги таъкидланган.

Шунингдек, Когон шаҳрида 6 та тарихий объект негизида туризм шаҳарчасини ташкил этиш таклифи кўриб чиқилган.

Кадрлар тайёрлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Австриянинг Кремс университети билан қўшма факультет очиш, Бухоро туризм ва маданий мерос техникумини мазкур олийгоҳ бошқарувига бериш режалаштирилган. Бунда тўлиқ дуал таълим асосида мутахассислар тайёрлаш ва бошқарув кадрларини қайта тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланган. Ушбу университет Бухоро шаҳрида ташкил этилаётган туну кун кўчаларни бошқариш бўйича янги моделни ишлаб чиқишга ҳам кўмаклашади.

Йиғилишда аҳоли сонининг ўсишига мос равишда уй-жой ва инфратузилмани ривожлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилган. Хусусан, Бухоро туманидаги Работак маҳалласи ҳудудида 63 гектар майдонда 10 мингдан ортиқ хонадонли замонавий уй-жой комплекси қуриш, Бухоро шаҳрида янги маъмурий марказ ташкил қилиш, “Янги Ўзбекистон” массиви ҳамда “Янги Ўзбекистон” боғини барпо этиш, Бухоро давлат университетининг янги кампусини қуриш каби йирик қурилиш ва урбанизация лойиҳалари муҳокама қилинган.

Йўл ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини яхшилаш бўйича ҳам қатор вазифалар белгиланган. Вилоятда узунлиги 33,1 километр бўлган 7 та айланма йўл барпо этиш, “Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнеу” йўлининг 78 километр ва “Самарқанд – Бухоро – Туркманбоши” йўлининг 71 километр қисмини реконструкция қилиш, А-380 йўли бўйида 30,8 гектар ер майдонини аукционга чиқариб, 403 та сервис лойиҳасини жойлаштириш режалаштирилган.

Шунингдек, оғир тоифадаги 3 та туман ва 36 та маҳаллада, шунингдек, “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги” 2 та туман ва 35 та маҳаллада янги ёндашувлар асосида йўл, электр, сув ва суғориш тармоқларини яхшилаш ишлари амалга оширилиши, бу мақсадларга жами 593 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши маълум қилинган.

Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш учун 2026 йилда жами 4 триллион 484 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши, бунинг ҳисобига мактаб, боғча, тиббиёт муассасалари ҳамда коммунал ва транспорт инфратузилмаси бўйича юзлаб лойиҳалар амалга оширилиши қайд этилган.

Президент Бухоро вилоятининг мавжуд имкониятларини тўлиқ ишга солиш, ҳар бир ташаббусни аниқ лойиҳага айлантириш, инвестиция, ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, туризм ва инфратузилма соҳаларида натижадорликни таъминлаш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Бухоро саноат Когон электр автомобиль гибрид автомобиль

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг