“Ko'ngil ko'zi” - қалб кўзларига нур таратади
Жамият
−
18 Март 2019
5131Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташаббуси билан ўтказилган “Ko'ngil ko'zi” лойиҳаси тақдимотига бағишланган матбуот анжумани Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида бўлиб ўтди.
Мазкур лойиҳага кўра, юртимиз бўйича бугунги кунда кўзи ожиз ва кўришда нуқсони бор 670 мингдан зиёд инсонларга маънавий кўмак жараёнини яхшилаш, жумладан, кўзи ожиз болалар таҳсил олаётган мактабларни керакли ўқув дарсликлари билан таъминлаш муаммоси кўтарилди.
Бундан ташқари, анжуман иштирокчилари томонидан дарсликларнинг аудио варантини ишлаб чиқиш таклиф этилди. Кўзи ожиз ўқувчиларнинг китобхонлик салоҳиятини янада ошириш, уларни бугунги куннинг замонавий бадиий асарлари билан яқиндан таништириш ҳам долзарб муаммо ҳисобланади. Лекин, афсуски, ҳозирда Ўзбекистонда кўзи ожизлар учун китоб тайёрлайдиган нашрёт битта ва бу ташкилотда ҳам бор йўғи 42 нафар ходим меҳнат қилади. Бу ходимларнинг тенг ярми кўзида ногиронлиги бор шахслардир.
Анжуманда сўзга чиққан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комилжон Алламжонов асосий эътиборни, бу каби муаммоларни бартараф этиш, “Кўзи ожизлар босмахонаси” корхонасининг матбаа ускуналарини модернизация қилиш ва ишлаб чиқариш хоналарини тамирлаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлашга доир масалаларга қаратди.
Шундан сўнг, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳомийлигида босмадан чиқарилган “Ўзбекистон халқ эртаклари” китоби кўзи ожиз болаларга фойдаланиш учун топширилди.
LiveБарчаси