КХШТга аъзо давлатларнинг қонунчилигини ўзгартириш таклиф қилинди
Олам
−
25 Май 2023
5079Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) Мудофаа вазирлари кенгаши аъзолари жамоавий хавфсизлик кучларини жойлаштириш бўйича тезкор қарорлар қабул қилинишини таъминлаш учун ташкилот ва унинг аъзоларининг ҳуқуқий асосларини ўзгартириш зарур, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда бугун, 25 май куни кенгаш йиғилишидан кейин ўтказилган брифингда Беларусь Мудофаа вазири, генерал-лейтенант Виктор Хренин маълум қилди.
“Биз ташкилотнинг меъёрий-ҳуқуқий базасига ва давлатларимизнинг миллий қонунчилик базасига ўзгартиришлар киритиш зарурлигини таъкидладик, улар жамоавий хавфсизлик кучларини қўллаш тўғрисида қарор қабул қилишнинг тезкорлигини белгилайди”, деган Виктор Хренин.
Унинг таъкидлашича, КХШТга аъзо барча мамлакатлар мудофаа идоралари вакиллари, шунингдек, ташкилот Бош котиби Имангали Тасмагамбетов ва Бирлашган штаб бошлиғи Анатолий Сидоров иштирокида ўтказилган йиғилиш формати ташкилот фаолияти, ҳарбий таркибий тузилмаларни ривожлантиришнинг янги шакллари ва усулларини ишлаб чиқиш бўйича якуний хулосалар чиқариш имконини берган.
“Бундан ташқари, мен ҳамкасбларим билан вужудга келаётган чақириқ ва таҳдидларга инқирозга қарши чоралар кўриш самарадорлигини ошириш масалаларини муҳокама қилдик”, дейди вазир.
Шунингдек, Хренин Беларуснинг 2023 йилда КХШТга раислигининг устувор йўналишлари ташкилот масъулияти доирасидаги можаролар потенциалини камайтириш ва ўзаро ишонч чораларини кучайтиришдан иборат эканини билдирган.
“Бугунги йиғилиш ва қабул қилинган қарорлар халқаро ташкилотлар тизимидаги ташкилотимизни мустаҳкамлашга хизмат қилади”, дея ишонч билдирган Хренин.
Беларусь Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати эса КХШТ Мудофаа вазирлари кенгашининг йиғилишида 2024 йилга мўлжалланган жамоавий хавфсизлик тизими қўмондонлик-назорат органлари ва воситаларини биргаликда тайёрлаш режаси кўриб чиқилгани ҳамда тасдиқланганини эълон қилган. Шунингдек, йиғилишда 2030 йилгача бўлган даврда КХШТ коллектив хавфсизлик тизимининг куч ва воситаларини биргаликда тайёрлаш бўйича чора-тадбирлар рўйхати тасдиқланган, бу эса қўшма тадбирларни йиллик режалаштириш учун асос ҳисобланади. Бундан ташқари, кенгаш 2023 йилга мўлжалланган КХШТ жамоавий хавфсизлик тизими кучлари ва воситаларини қўмондонлик-назорат қилиш органларини биргаликда тайёрлаш режасига қатор ўзгартиришлар киритиш тўғрисида қарор қабул қилган. Мудофаа вазирликлари вакиллари КХШТ коллектив кучларини таъминлаш учун материаллар захиралари тўғрисидаги низомни ва Қуролли кучлар таъминотини каталоглаш бўйича давлатлараро тизимининг услубий ҳужжатларини тасдиқлаган.
“Мудофаа вазирлари кенгаши КХШТ тинчликпарварлик фаолиятига ҳисса қўшган шахсларни мукофотлаш учун “Тинчлик учун бирга” медалини таъсис этиш тўғрисидаги ҳужжатларни Коллектив хавфсизлик кенгашига тақдим этишга қарор қилди”, дейилади матбуот хизмати хабарида.
Маълумот учун, КХШТга Беларусь, Россия, Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон киради.
LiveБарчаси