КХШТ ҳеч кимга таҳдид қилмайди, бошқаларнинг ишига аралашмайди – Алейник

Олам

image

Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига аъзо давлатлар фикрича, Ғарб сиёсатчиларининг масъулиятсиз риторикаси ва ташкилотнинг ғарбий қанотида НАТО салоҳиятининг кучайиши фонида глобал ва минтақавий хавфсизлик билан боғлиқ вазият ёмонлашишда давом этмоқда. Бу ҳақда кеча, 22 ноябрь куни Минскда бўлиб ўтган КХШТга аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгаши, Мудофаа вазирлари кенгаши ва Хавфсизлик кенгашлари котиблари қўмитасининг қўшма мажлиси якунлари бўйича Беларусь Ташқи ишлар вазири Сергей Алейник маълум қилди. 

“Биз барчамиз бир фикрга келдикки, халқаро ва минтақавий хавфсизлик соҳасидаги вазият, афсуски, ёмонлашишда давом этмоқда. Глобал миқёсда бу халқаро муносабатларнинг тизимли инқирози ва эски дунё тартибининг муқаррар ўзгариши билан боғлиқ. Афсуски, масъулиятсиз сиёсий қарорлар туфайли қуролсизланиш ва қуролларни назорат қилиш механизмларини атайлаб йўқ қилиш давом этмоқда”, дейди. 

Алейникнинг урғулашича, НАТОга аъзо давлатлар Европада оддий қуролли кучлар тўғрисидаги шартноманинг амал қилишини тўхтатиб қўйгани бундай ҳаракатларнинг сўнгги мисоли бўлган. 

Беларусь ТИВ раҳбарининг таъкидлашича, бир қатор Ғарб сиёсатчилари томонидан ўзаро ишончнинг йўқлиги, қарама-қаршиликнинг чуқурлашиши ва очиқ милитаристик масъулиятсиз риторика бу нозик масала бўйича мулоқотни қайта бошлашга ёрдам бермайди.

“[КХШТнинг] ғарбий қанотида аллақачон блокга аъзолик билан ҳимояланган НАТОга аъзо мамлакатларнинг ҳарбий салоҳияти номутаносиб ва асоссиз равишда оширилмоқда”, дейди вазир.

У НАТО давлатлари кўплаб машқларни КХШТ масъулият зонасига яқин жойда ўтказаётганини қоралади. 

“Мен буни яна бир бор таъкидламоқчиман, бизнинг ташкилот мудофаа характерига эга, ҳеч кимга таҳдид қилмайди, бошқаларнинг ишига аралашмайди ва доимо ўзаро ҳурматли мулоқот, вазиятни юмшатиш ва ақл-идрокни ҳимоя қилган ва ҳимоя қилади”, дейди у.

Бугун, 23 ноябрь куни Беларусь пойтахти Минскда Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг саммити Александр Лукашенко бошчилигида бўлиб ўтади. Унда Россия Президенти Владимир Путин, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ва Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон иштирок этади. Ташкилотнинг яна бир аъзоси – Арманистон Бош вазири Никол Машинян эса аллақачон саммитга келмаслигини билдирган. 

Кремль матбуот хизмати хабар беришича, КХШТ Кенгаши сессияси кун тартибига КХШТ аъзолари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик масалалари, жумладан, жамоавий хавфсизлик тизимини янада такомиллаштириш, шунингдек, долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар киради. Ташкилотнинг мақсадлари – тинчлик, халқаро ва минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, аъзо давлатларнинг мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини жамоавий асосда ҳимоя қилиш. 


Мақола муаллифи

Теглар

КХШТ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг