КХШТ ҳарбий таҳдидларга қарши янги турдаги қуроллар ишлатмоқчи

Олам

image

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (унга Россия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Арманистон киради) илк бор ўзининг асосий ҳужжатларига гипертовушли, лазерли қурол ва учувчисиз тизимлар каби янги турдаги қуролларни киритади. Бу ҳақда КХШТнинг Парламент ассамблеяси мудофаа ва хавфсизлик масалалари бўйича доимий комиссияси раҳбари Анатолий Виборнийга таяниб, “Известия” хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, хорижий махсус хизматлар, террористик ва экстремистик тузилмалар Россия ва КХШТнинг бошқа аъзоларига қарши разведка ҳамда вайронкорлик фаолиятини бир неча баробар фаоллаштирган. Шу сабабли, ташкилотга аъзо давлатлар ушбу қуроллардан ҳарбий таҳдидларга жавоб сифатида фойдаланишни келишиб олмоқда.

“Биз учун яқин ҳамкорлик қилиш, янги турдаги қуроллар бўйича технологиялар, тажрибалар, разведка маълумотларини алмашиш муҳим, шунда хавфлардан бир қадам олдинда бўламиз”, дейди парламент аъзоси.

Унинг таъкидлашича, ташкилотга аъзо давлатлар жорий йилнинг 7 октябрь куни Санкт-Петербургда бўлиб ўтадиган комиссия йиғилишида “КХШТ аъзоларининг янги турдаги қуроллар ва технологиялардан фойдаланишда ҳамкорлиги тўғрисида модель (намунавий) битим”ни муҳокама қилиши лозим. Ҳужжатда “қуролли курашда душманни йўқ қилиш учун мўлжалланган қурилмалар ва буюмлар, шунингдек, замонавий ва келажакдаги фан-техника ютуқларига асосланган мажмуа ва воситалар, жумладан, ўлимга олиб келмайдиган, психофизик ва бошқа таъсир чораларидан фойдаланиш орқали душманни тинчликка мажбурлаш” ҳақида сўз юритилади.

КХШТ Бирлашган штаби бошлиғи Андрей Сердюков нашрга берган интервьюсида битим янги турдаги қурол ва технологиялардан фойдаланишда қўшма режалаштириш ва коллектив ҳамкорликни, шунингдек, уларни ишлаб чиқиш ва қўллашда қўшма экспертиза ва ахборот таъминотини назарда тутишини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрдаги “Ала-Арча” давлат қароргоҳида Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти Парламент Ассамблеяси Кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

КХШТ Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг