КХДРда 3 та сўзни ишлатиш тақиқланди
Олам
−
13 Сентябрь 26502 2 дақиқа
Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин мамлакатда “гамбургер”, “караоке” ва “музқаймоқ” сўзларидан фойдаланишни тақиқлашга қарор қилди. Бу ҳақда “The Sun” хабар берди.
Нашрга кўра, қарор уларни маҳаллий эквивалентларга алмаштириш зарурати билан боғлиқ. Жумладан, “гамбургер” сўзи “дажин-гоги-геоппан” (қийма гўштли қўш нон) билан алмаштирилади. Кимнинг қарори билан эндиликда гидлар “музқаймоқ”ни “эскимо”, караокени эса “экранга ҳамроҳлик қилувчи машиналар” деб айтиши керак.
Манбада ёзилишича, Вонсан курортида россиялик ва хитойлик меҳмонларни қабул қиладиган сайёҳлик гидларига Ғарб ва Жанубий Кореяда машҳур бўлган инглизча сўзлардан қочиш тавсия қилинган. Айни пайтда 20-30 га яқин гид Шимолий Корея луғатига кўникиш ва чет элдан сўз ўзлаштирмаслик учун интенсив тренингда ўқимоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шимолий Кореянинг Калмаский яриморолида жойлашган Вонсан-Калмас курорт зонасининг очилиш маросими бўлиб ўтганди. Туристик ҳудудда бир вақтнинг ўзида 20 минг кишига хизмат кўрсатишга мўлжалланган меҳмонхоналар ва дам олиш масканлари қурилган бўлиб, улар маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг истакларига мос равишда танлаш имконини беради. Курорт ҳудудида денгизда чўмилиш учун иншоотлар, спорт ва ўйинлар учун майдончалар, шунингдек, маданий дам олиш жойлари, савдо расталари ва умумий овқатланиш нуқталари ташкил этилган.