КХДР Жанубий Корея билан транспорт алоқасини бутунлай тўхтатди
Олам
−
09 Октябрь
6082Корея Халқ Демократик Республикаси Армияси бугун, 9 октябрдан бошлаб тўқнашувларнинг олдини олиш мақсадида Жанубий Корея билан боғловчи барча автомобиль ва темирйўлларни ёпиб қўяди ҳамда мудофаа иншоотларини мустаҳкамлаш ишларини олиб боради. Бу ҳақда Бош штабга таяниб, Корея марказий телеграф агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Корея яриморолида “душман“ кучларининг қарама-қаршилик хуружи вазиятни олдиндан айтиб бўлмайдиган ҳолатга олиб келмоқда. Жанубий Корея ҳудудида мунтазам ўтказилаётган тажовузкор ҳарбий машғулотлар эса меъёрдан ошиб кетмоқда. АҚШ тез-тез Корея яриморолига стратегик ядровий воситаларни ташлашда давом этмоқда ва Жанубий Кореяда КХДРга нисбатан “режим тугаши” билан таҳдид қилмоқда.
Шу сабабли, КХДР Бош штаби Корея яриморолидаги кескин ҳарбий вазиятни инобатга олиб, мамлакат хавфсизлигини таъминлаш учун армиядан янада қатъий ва кучли чоралар кўришни талаб қилаётганини айтган. Бу доирада КХДР ҳукумати назоратидаги ҳудудни Жанубий Кореядан доимий ажратиб қўйиш учун амалий ҳарбий чоралар қўлланилиши ҳақида эълон қилинган.
“9 октябрдан бошлаб, Жанубий Корея билан боғловчи барча автомобиль ва темирйўлларни тўлиқ узиш ва мудофаа иншоотларини мустаҳкамлаш ишлари амалга оширилади”, дейилади Бош штаб хабарида.
Шунингдек, КХДР армияси 9 октябрь соат 9:45 да (маҳаллий вақт билан) АҚШ қўшинларини тўқнашувларнинг олдини олиш мақсадида жанубий чегарада мудофаа иншоотлари қурилиши ҳақида огоҳлантирган.
“Бизнинг армиямиз томонидан жанубий чегаранинг абадий тўсилиши ва блокланиши Жанубий Корея – биринчи даражали душман давлат ва доимий асосий рақибга қарши урушнинг олдини олиш ва мамлакат хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун чоралар ҳисобланади”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Россия темирйўллари” ОАЖ 15 декабрдан бошлаб Приморье ўлкасидан Шимолий Кореяга йўловчи поездлар қатновини қайта бошлаши хабар қилинган эди.