КХДР Россияга шифокорларни юбормоқда
Олам
−
26 Март
5890Россия кардиология ва онкология каби йўналишлар бўйича Москвадаги етакчи тиббиёт марказларида стажировка ўташи учун шимолий кореялик шифокорларни қабул қилмоқда. Бу ҳақда “The Korea Times” нашри хабар берди.
Маълумотга кўра, Россиянинг Шимолий Кореядаги элчиси Александр Мацегора КХДР Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Чон Сол Рен билан учрашган. Икки мамлакат Шимолий Корея фармацевтика соҳасини модернизация қилишда Россия томонидан ёрдам кўрсатиш бўйича келишувга эришган.
Хусусан, замонавий антибиотиклар ишлаб чиқариш соҳасида ҳамкорлик қилинади. Шунингдек, Шимолий Кореяда янги тиббиёт муассасаларини ташкил этиш масалалари ҳам муҳокама қилинган. Чон Россия томони билан Шимолий Кореядаги баъзи тиббиёт ютуқлари билан бўлишишга тайёр эканини билдирган.
Билдирилишича, икки давлат ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасидаги алоқалар тобора фаоллашмоқда. 2023 йил кузида Россияда Пёнгянгдаги “Пуганг” фармацевтика заводининг ваколатхонаси очилган. Шундан сўнг КХДРда ишлаб чиқарилган биологик фаол қўшимчалар (БФҚ) расман маркетплейсларда сотувга чиқарилган.
Масалан, “Кумдан-2” деб аталувчи препарат – “олти йиллик кэсон женшени” асосидаги инъекцион зардоб бўлиб, у нодир ер моддаларига бой тупроқда етиштирилиши айтилади. Сотувчилар ушбу препаратни ёшартириш, тўқималарни қайта тиклаш ва иммунитетни ошириш хусусиятига эга, деб таърифламоқда. Унинг уч қутисининг нархи 7 минг рублгача (тахминан 1 млн сўм) етади.
Россиянинг маҳаллий нашрларидан бири ушбу компания рақамига қўнғироқ қилиб, препаратнинг саломатлик учун хатарли-хатарсизлиги ҳақида сўраган. Компания вакили: “Ўз жонингиз ҳисобига фойдаланинг. Мен шифокор эмасман. Заводнинг ўзи ножўя таъсирларни ноаниқ тасвирлайди”, деб жавоб берган.
Нашр сўровномасида иштирок этган россиялик фармацевтлар бу каби корейсча БФҚлар ҳақида ҳеч қачон эшитмаганини билдирган. Европалик дорихона мутахассислари эса бу дори воситаларини аксилилмий, деб аташган. Жанубий Кореяда ўтказилган экспертиза натижасида, ампулалар фақат оғриқ қолдирувчи прокайн (новокаин) моддасини ўз ичига олиши аниқланган. Ундан бошқа моддалар аниқланмаган.
LiveБарчаси