КХДР Россияга 12 млн артиллерия снарядларини топширди – разведка
Олам
−
13 Июль 8386 2 дақиқа
Шимолий Корея Москвага артиллерия снарядлари етказиб беришда давом этмоқда. Украинада Россия билан уруш пайтида Пхеньян Россия Федерациясига жами 12 миллион 152 мм снаряд топшириши мумкин эди. Бу ҳақда бугун, 13 июль куни Жанубий Корея Мудофаа разведка бошқармаси (DIA) ҳисоботига таяниб, “Yonhap” агентлиги хабар бермоқда.
Жанубий Корея разведкаси маълумотларига кўра, КХДР шу пайтгача Россияга қурол-яроғ ва артиллерия ўқлари бўлган 28 мингга яқин контейнер ўтказган.
“Агар биз 152 мм снарядларни ҳисобласак, у ҳолда (етказиб берилган снарядлар сони) 12 миллиондан ошиб кетган”, дея маълум қилди разведка хизмати.
“The Washington Post” газетаси 2023 йил августидан 2024 йил январигача Шимолий Корея Россияга 1,6 миллионга яқин артиллерия ўқларини юбориши мумкинлиги ҳақида хабар берган. Украина ҳарбий разведкаси раҳбари Кирилл Будановнинг таъкидлашича, Россиядаги йирик калибрли ўқ-дориларнинг ярмидан кўпи ҳозир Шимолий Кореядан олиб келинган.
Россия ҳеч қачон КХДРдан ўқ-дорилар сотиб олинганини тасдиқламади.
2024 йилда Россия ва Шимолий Корея ўртасида ўзаро ҳарбий ёрдам тўғрисидаги бандни ўз ичига олган ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Шимолий Корея ҳарбийлари Курск вилоятидаги жангларда қатнашди. Жанубий Корея ва Украина разведка маълумотларига кўра, Пхеньян яқин ойларда Россиянинг Украинадаги ҳужумини қўллаб-қувватлаш учун қўшимча 25-30 минг аскар жўнатмоқчи.
Live
Барчаси