КХДР хакерлари Bybit’дан қарийб 1,5 млрд долларни ўмарди

Олам

image

Жорий йилнинг 21 февраль куни Bybit криптобиржасининг расмий аккаунти Ethereum ҳамёнларидан бирига бузиб кирилгани ҳақида хабар берди. Жиноятчилар ушбу ҳамёнда сақланган криптовалютани номаълум манзилга ўтказишга муваффақ бўлган. Кўп ўтмай, Bybit асосчиси Бен Чжоу хакерлик ҳужумининг умумий зарари тахминан 401 минг ETH эканини маълум қилди. Ҳужум содир бўлган пайтда бу маблағ 1,4 миллиард долларга тенг бўлган. Бу ҳақда CNN хабар берди.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, бу нафақат криптовалюта тарихидаги энг йирик ўғирлик, балки умуман, энг катта талончиликлардан бири бўлиши мумкин. 

Бен Чжоу ҳужум оқибатида фақат битта ҳамён хавфсизлиги бузилганини, қолган барча ҳамёнлар ҳимояланган ҳолда қолаётганини таъкидлаган (уларнинг умумий сони ошкор этилмаган). Bybit асосчиси, шунингдек, ушбу воқеа биржа фаолиятига таъсир кўрсатмаганини ва барча операциялар одатий тартибда давом этаётганини билдирган. Бироқ хакерлик ҳужуми ҳақида эълон қилинган дастлабки 10 соат ичида Bybit платформасидан оммавий маблағ чиқариб олиш жараёни бошланган. Чжоунинг айтишича, биржа 350 мингдан ортиқ пул ечиб олиш сўровларини олган ва деярли барчасини қайта ишлашга муваффақ бўлган.

Ҳужумдан бир кун ўтиб, криптовалюталар билан боғлиқ жиноятларни ўрганиш билан шуғулланувчи ZachXBT тахаллусли фойдаланувчи Bybit биржасини Шимолий Кореянинг Lazarus Group хакерлик гуруҳи бузиб кирганини исботловчи далилларни топди. TechCrunch нашрига берган изоҳида у ўз хулосаларига 100 фоиз ишончи комил эканини айтди.

Барча транзаксия ёзувлари блокчейнда очиқ бўлгани сабабли, ZachXBT ўғирланган маблағлар ҳаракатини кузатишга муваффақ бўлган ва уларни аввалги биржа бузилишларида қўлланилган ҳамёнларга боғлаган. Барча ҳолатларда ҳужум Шимолий Корея билан боғлиқ бўлиб чиққан. У Bybit ҳужумига алоқадор бўлган ва кейинчалик пул ювишда ишлатилган 900 дан ортиқ манзилни аниқлаган. Lazarus Group’нинг иштирокини Elliptic таҳлилий компанияси мутахассислари ҳам тасдиқлаган. 

Маълумот учун, Lazarus Group КХДРдаги энг “муваффақиятли” хакерлик гуруҳларидан бири ҳисобланади. У камида 2009 йилдан бери фаолият юритиб келади ва шу вақт давомида бир қатор йирик хакерлик ҳужумларини амалга оширган. 2019 йилдан бери Lazarus Group АҚШ санкцияларига тушган бўлиб, расмий Вашингтон уларни Шимолий Корея ҳукумати билан бевосита боғлиқ деб ҳисоблайди.

NCC Group экспертларининг тахминича, Lazarus Group'нинг барча ҳужумлари КХДР ҳукумати томонидан тасдиқланган, чунки мамлакатда интернетга эркин кириш имкони мавжуд эмас ва мустақил равишда бундай фаолият билан шуғулланишнинг иложи йўқ. Улар, шунингдек, Шимолий Кореянинг аксарият хакерлари дастлабки компьютер таълимини Хитойда олишини тахмин қилмоқда.

Elliptic компаниясига кўра, Lazarus Group хакерлари 2017 йилдан бери жами олти миллиард долларлик криптовалютани ўғирлаган. БМТ ҳисоботида эса анча кичикроқ рақамлар келтирилган: ўтган йили ташкилот ҳисоб-китобига кўра, охирги олти йил ичида барча шимолий кореялик хакерлар жами уч миллиард долларлик зарар етказган. БМТ маълумотларига кўра, ушбу маблағлар Пхеньяннинг ядро ва ракета дастурини молиялаштиришга йўналтирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Bitcoin нархи 5,5 фоизга пасайиб, 88 800 долларгача тушиб кетгани хабар қилинганди. Бунга сабаблардан бири Bybit биржасидан 1,5 миллиард доллар миқдорида криптовалюта ўғирлангани келтирилган. Ушбу воқеа рақамли активларнинг хавфсизлигига бўлган ишончни сусайтириб, бозорга босим ўтказган.


Мақола муаллифи

Теглар

КХДР хакер Bybit

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг