Киевда банкни портлатиш билан таҳдид қилган ўзбекистонлик қамалмай қолди
3-саҳифа
−
09 Декабрь 2020
11208Жорий йилнинг август ойида Ўзбекистон фуқароси Суҳроб Каримов Киевда жойлашган “Леонардо” бизнес марказидаги банк филиалини портлатиш билан таҳдид қилган. Шундан сўнг у ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг саъй-ҳаракати билан ҳибсга олинган.
Киев Прокуратураси матбуот хизматининг хабар беришича, Печерск судининг қарори билан Каримов даволаниш учун тиббий муассасага юборилган. Унда руҳий муаммолар борлиги аниқланган. Шифокорлар фуқаро ўзи билмаган ҳолда жиноят содир этган деб ҳисобламоқда.
“Суд қарорига биноан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қаттиқ назорат остида психиатрия ёрдами кўрсатиладиган муассасага жойлаштириш билан алмаштирилди”, дейилган суд қарорида.
Экспертиза натижалари шуни кўрсатганки, ҳозирги пайтда гумонланувчининг ҳолати унга ўз ҳаракатларини тушунишга ва уларни бошқаришга имкон бермайди.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 3 августида 32 ёшли Каримов Киев марказидаги “Леонардо” бизнес марказида жойлашган Универсал Банк филиалига кириб, унинг иккита сумкасида портловчи моддалар борлигини айтган. У барча ходимларнинг кетишига рухсат берган, бўлим бошлиғи эса босқинчи билан қолишга рози бўлган.
Матбуот ходимлари ниқоби остида Украина хавфсизлик хизмати ходимлари бўлимга киришган. Кейинчалик маълум бўлишича, Каримовда ҳеч қандай портловчи моддалар бўлмаган. Уч соатдан сўнг Каримов ҳибсга олинган.
Украина Ички ишлар вазири ўринбосари Антон Герашенко Каримовда руҳий касаллик - олигофрения борлигини айтган.
LiveБарчаси