Киркоров Россиядаги бойкотдан сўнг АҚШга кетди
Маданият-санъат
−
03 Февраль
13067Россиялик таниқли қўшиқчи Филипп Киркоров блогер Настя Ивлееванинг "яланғоч" базмида иштирок этгани сабабли унга қўйилган чекловлардан сўнг, мамлакатни тарк этди. Бу ҳақда “News.ru” нашри хабар берди.
Гап шундаки, Ивлееванинг базмидан сўнг кечада иштирок этган бир қатор юлдузлар билан реклама шартномалари тўхтатилди, концертлар бекор қилинди, юлдузлар телевидение шоуларидан четлатилди. Қатнашчилар орасида Филипп Киркоров, Дмитрий Билан, Лолита Милявская, Глюкоза, Анна Асти ҳам бор эди.
Хусусан, Киркоровнинг концерт дастури бекор қилинди. Концерт ташкилотчилари ва телеканал раҳбарлари уни бойкот қилди. Шунингдек, хонанда 25 февраль куни Санкт-Петербургда бўлиб ўтадиган "Олтин граммофон" концертининг афишаларидан олиб ташланди. Киркоровнинг Янги йил дастурларидаги аллақачон ижро этган роллари ҳам кесиб ташланди. Уни халқ артисти унвонидан маҳрум қилиш масаласи ҳам кўтарилди.
Ушбу чекловлардан сўнг, Киркоров АҚШга учиб кетди. У дастлаб қўшиқчи Мадоннанинг Нью-Йоркдаги концертига ташриф буюрди. Хонандага ушбу сафарда дўсти, режиссёр Максим Ситник ҳамроҳлик қилмоқда. У юлдуз билан Америкадан олинган кадрларни ижтимоий тармоқларда бўлишмоқда.
Россиялик реалити-шоу юлдузи Рустам Солнцевнинг сўзларига кўра, қўшиқчи чет элдаги кўчмас мулк билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш учун АҚШга борган. Гап қўшиқчининг Майамидаги вилласи ҳақида бормоқда.
Россиялик яна бир юлдуз Сергей Лавров эса хонанданинг санъатдан четлашиши 2 йилгача чўзилиши мумкинлигини айтди. У ҳукумат қарорини юмшатишига ҳамда Киркоров бир кун келиб мамлакатга касса концертлари билан қайтишига умид билдирди.
“Менимча, одамлар ундан бироз чарчаган. Агар у икки йил давомида кўриниш бермаса, ундан ҳам кўпроқ пул ишлаб олади”, деган Лавров.
Шунингдек, унинг фикрича, Филиппнинг қайтиши баланд, ёрқин ва мафтункор бўлади. Бундай машҳур санъаткор учун саҳнасиз икки йил унчалик узоқ муддат эмас.
Эслатиб ўтамиз, Филипп Киркоров россиялик телебошловчи, киноактриса ва видеоблогер Настя Ивлеева томонидан ташкил қилинган машҳурларнинг "яланғоч" базмига бориб, хато қилганини айтганди.
LiveБарчаси