Кинематография агентлиги Рустам Саъдиевга нисбатан қонуний жавобгарлик талаб қилиши мумкин
Маданият-санъат
−
21 Февраль 2023
17420Аввал хабар берганимиздек, режиссиёр Рустам Саъдиев “Барон 2. Соғинч” бадиий фильми учун буюртма пули берилмай келаётгани сабаб Ўзбекистон Кинематография агентлигини кескин танқид қилиб, ўзининг Facebook саҳифасида пост ёзган эди.
Бугун, 21 февраль куни эса унинг бу мурожаати юзасидан Кинематография агентлиги расмий муносабат билдирди.
Муносабатда айтилишича, Рустам Саъдиевнинг мурожаатида билдирилган эътироз ва даъволар 2023 йил 20 февраль куни Кинематография агентлигининг доимий фаолият юритадиган экспертлар комиссиясининг навбатдан ташқари йиғилишида кўриб чиқилган.
Кенгашда қайд этилишича, “LAST MEDIA” МЧЖ томонидан агентликка берилган сарф-харажатлар сметаси кескин ошириб юборилган.
“Жумладан, овоз ёзиш 160 дақиқага юқори кўрсатилгани, аслида сметага 10 дақиқа киритилган бўлиши кераклиги, камера ва техник ускуналарнинг сменалари сони ошиб кетганлиги, ижара объектларининг номи ишлаб чиқариш жадвалига тўғри келмаслиги ва ижодкорларга қўшимча мукофот пули киритилганлиги аниқланган. Шу билан бирга экспертлар комиссияси “Барон 2. Соғинч” бадиий фильми учун “LAST MEDIA” МЧЖ билан тузилган шартнома бўйича юридик хулоса берилиши ҳақида қарор қабул қилган”, дейилади расмий муносабатда.
Қайд этилишича, “Барон 2. Соғинч” бадиий фильмининг режиссёри Рустам Саъдиевнинг таклифига биноан, 2019 йил 1 октябрда Москва шаҳрида “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ва Иван Архиповнинг “Инферно” продюсерлик маркази (Россия Федерацияси) ўртасида мазкур фильмни биргаликда суратга олиш бўйича ҳамкорлик Меморандуми имзоланган. Агентлик бадиий кенгашининг 2019 йил 16 ноябрдаги 07/19-27-сонли мажлиси қарорида ҳам фильмни мазкур продюсерлик маркази билан ҳамкорликда суратга олиш белгиланган. Иван Архиповнинг “Инферно” продюсерлик маркази 2022 йил 7 ноябрда “LAST MEDIA” МЧЖга учинчи шахс сифатида ишончнома берган.
“Барон 2. Соғинч” фильмини ишлаб чиқариш бўйича Агентлик ва Компания (Иван Архиповнинг “Инферно” продюсерлик маркази – Россия Федерацияси) ўртасида 2020 йил 14 мартда тузилган 26-сонли шартномага мувофиқ, Экспертлар комиссияси Кинематография агентлиги томонидан фильмни қўшимча молиялаштириш учун ҳуқуқий асослар йўқлиги ҳақида қарор қабул қилди”, деган Кинематография агентлиги.
Комиссиянинг навбатдан ташқари йиғилишида эса ушбу кўтарилган масала юқоридаги шартномага мувофиқ, Иван Архиповнинг “Инферно” продюсерлик маркази томонидан ҳал қилиниши лозимлиги ҳақида қарор қабул қилинган. Ўз навбатида, Агентлик томонидан “Инферно” компаниясига масалани ижобий ҳал қилиш юзасидан расмий хат юборилган.
“Яқин кунларда Агентлик қошидаги Жамоатчилик кенгашининг Бадиий кенгаш аъзолари, Агентлик раҳбарияти ва Экспертлар комиссияси вакиллари билан қўшма йиғилишида режиссёр Рустам Саъдиев иштирокида бу масалалар яна бир бор кўриб чиқилиши кўзда тутилган”, дея қўшимча қилади агентлик.
Кинематография агентлиги ўзининг расмий муносабатига якун ясар экан, режиссёр мурожаатидаги агентлик раҳбариятига нисбатан билдирилган танқидларни "ноўрин айбловлар" дея атаган ва эмоцияга берилиб шахснинг шаъни, қадр-қиммати ва обрўсини камситишини қоралашини билдирган.
“Бунинг учун агентлик қонуний жавобгарлик талаб қилиш ҳуқуқига эга эканлигини, инсон қадр-қимматини оёқ ости қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқлигини ҳам эслатиб ўтади”, дейилади хабарда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь