Кимнинг вакили Кремлда Путин билан учрашди
Олам
−
20 июл 4063 2 дақиқа
Кеча, 19 июль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Шимолий Корея Ташқи ишлар вазири Чхве Сон Хи билан учрашди ва Москва “махсус ҳарбий операция” деб атайдиган ҳаракатларда кўрсатилган ёрдам учун унга миннатдорлик билдирди. Бу ҳақда Кремль хабар қилди.
Кремль маълумотига кўра, учрашувда Чхве Сон Хи Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин яқинда мамлакатнинг Россия Федерацияси билан муносабатларни ҳар томонлама ривожлантиришга содиқлигини яна бир бор тасдиқлаганини айтган. Учрашувда Россия томонидан Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва Президент ёрдамчиси Юрий Ушаков ҳам иштирок этган.
Путин, шунингдек, КХДР Давлат ишлари раиси Ким Чен Инга энг самимий саломларини йўллаган.
Маълумот учун, Шимолий Корея қўшинлари 2024 йилда Россиянинг ғарбидаги Курск вилоятига Украина томонидан амалга оширилган йирик ҳужумни қайтаришда Россияга ёрдам берган. Украина қўшинлари 2024 йил август ойида чегарани кесиб ўтиб, бир неча ой давомида Курск вилоятининг катта қисми устидан назоратни сақлаб турган эди.
Икки давлат ўртасидаги ўзаро мудофаа тўғрисидаги шартнома доирасида Шимолий Корея Курск вилоятида Россия томонида жанг қилиш учун тахминан 14 минг нафар ҳарбийни юборган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин съезд давомида ёшларни Корея Меҳнат партияси вазифаларини бажаришда асосий куч деб атаган ва уларни Украинадаги урушда Россия томонида туриб жанг қилишга тарғиб қилганди.
Live
Барчаси