Кимнинг синглиси АҚШга таҳдид қилди
Олам
−
05 Март
12802Душман кучлар КХДРнинг ўз суверенитети ва хавфсизлик манфаатларини ҳимоя қилишга тайёрлигини синовдан ўтказмаслиги керак. Бу ҳақда Корея Меҳнат партияси Марказий қўмитаси бўлим бошлиғи ўринбосари, мамлакат етакчиси Ким Чен Иннинг синглиси Ким Ё Чжон маълум қилди.
“Душманлар бизнинг иродамиз ва давлат суверенитети ҳамда хавфсизлик манфаатларини ҳимоя қилиш қобилиятини ўзларининг барча арсеналларидан фойдаланган ҳолда синаб кўрмаслиги керак. Бу жуда хавфли”, дея унинг сўзларидан иқтибос келтирган Корея марказий ахборот агентлиги (KCNA).
Бу фикрга жорий йилнинг 2 март куни Жанубий Кореянинг Пусан шаҳри портида Американинг USS Carl Vinson ядровий самолёт ташувчи кемасининг пайдо бўлиши сабаб бўлди.
Ким Ё Чжон, шунингдек, АҚШнинг ҳозирги маъмурияти ўзидан олдингиларнинг “душманлик сиёсатини” давом эттирганини айтди.
“Агар АҚШ ҳарбий кучларини намойиш этиш бўйича рекордни янгилашда давом этса, биз ҳам стратегик тўхтатувчи кучлардан фойдаланиш бўйича рекордни янгилашга мажбур бўламиз”, деб таъкидлади КХДР етакчисининг синглиси.
Унинг сўзларига кўра, Корея яриморолида Америка стратегик активларининг мавжудлиги “ёмон одат”га айланиб бормоқда.
“Биз душман хавфсизлигига таҳдид соладиган стратегик даражадаги ҳаракатларни фаоллаштириш вариантларини жиддий муҳокама қилишни режалаштирмоқдамиз”, деган Кимнинг синглиси.
KCNA хабарига кўра, у Корея яриморолидаги вазиятнинг кескинлашувига “АҚШ ва унинг сунъий йўлдошларининг ҳийла-найранглари” сабаб бўлганини айтган.
“Пхеньян минтақадаги тинчликка таҳдид солувчи Қўшма Штатлар ва унинг сунъий йўлдошларининг намойишкорона ғазабини қоралайди”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ким Чен Иннинг синглиси Корея яримороли ва минтақадаги кучлар тенглигининг бузилиши дарҳол уруш бошланишини англатиши ҳақида сўз очганди. Унинг айтишича, шунинг сабабли КХДРнинг ядро кучларини мустаҳкамлаш йўналиши ягона тўғри танлов.