Кимнинг қизини ворисликка тайёрлаш тезлашди – Сеул
Олам
−
06 Апрель 4035 1 дақиқа
Шимолий Корея етакчи Ким Чен Иннинг тахминан 13 ёшлардаги қизи Ким Жу Эни мамлакатнинг олий лавозимига ворис сифатида тайёрлашни тезлаштирмоқда. Бу ҳақда Жанубий Корея Миллий разведка хизматига (NIS) таяниб, “Yonhap” хабар берди.
“Жу Э яқин вақт ичида мудофаа билан боғлиқ соҳаларда кўриниш берди. Бу аёл ворисга бўлган ишонч даражасини ошириш ва ворислик қиёфасини яратиш борасидаги саъй-ҳаракатларни тезлаштиришга қаратилган деб тахмин қилинмоқда”, дейилади хабарда.
Сўнгги вақтларда КХДР етакчисининг қизи ишчи сафарларида унга бир неча бор ҳамроҳлик қилди. Улар биргаликда ялпи ўт очиш реактив тизимларидан фойдаланган ҳолда зарба бериш машқларини кузатди, шунингдек, Корея халқ армиясининг пойтахт мудофаа корпуси ўқув базасидаги тактик машғулотлар пайтида танкда юрди. Бундан аввалроқ эса Жу Энинг милтиқ ва тўпончадан ўқ узаётган суратлари ҳам оммага тақдим этилган эди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг февраль ойида Жу Э мамлакатнинг ракета дастури билан боғлиқ йўналиш кураторига айлангани ҳақида хабар берилган эди.