Кимга ишонайлик? Қашқадарёда унаштирилгани айтилган қиз воқеаси бўйича маълумот берилди
Жамият
−
22 Декабрь 2023
34431Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Кўкдала туманида 7-синф ўқувчиси унаштирилаётгани ҳақида хабар тарқалганди. Шундан сўнг Болалар омбудсмани мазкур ҳолатга берган муносабатида қизнинг ота-онасига таяниб, тарқалган видеодаги ҳолат қизнинг унаштирув маросими эмас, туғилган куни акс этганини билдирди. Бунга Қашқадарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳам ўз муносабатини берди.
Айтилишича, Кўкдала туманидаги 68-мактаб ўқувчиси Қ.Д. 22 майда туғилган бироқ воқеа қачон юз бергани қайд этилмаган. Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова “Миллар” кўрсатувига берган интерьвюсида эса ҳолат май ойида юз берганини айтган.
Аммо вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси берган расмий муносабатда "Ўқувчини туғилган куни бўлмаган” деган сўзлар келтирилган. Вилоят ММТБнинг берган мужмал ва тушунарсиз изоҳи кўплаб саволлар туғилишига олиб келяпти.
Шунингдек, Қ.Д. Кўкдала туманидаги 68-мактабнинг 7-синф ўқувчиси эмас, 8-синфида ўқиши аниқланган. У ҳозирда мажбурий таълимга асосан ушбу мактабдаги ўқув жараёнида иштирок этмоқда.
“Қашқадарё ММТБ эрта никоҳ жараёнларини кескин қоралашини ва бу борада ҳудудларда ташвиқот жараёнлари ўтказилаётганини маълум қилади”, дейилади вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси муносабатида.
Таъкидлаш жоиз, республиканинг бу ҳудудида қизларнинг унаштирув маросимини эрта ўтказиш урф-одатлари қисман бўлса-да сақланиб қолмоқда. Айниқса охирги вақтларда бундай ҳолатлар юз бергани ҳақидаги хабарлар тез-тез янграмоқда.
Масалан, Косондаги мактабнинг 8-синфларидан 9 нафари аллақачон оилали бўлгани, мактаб директори ҳам ёш қизни келин қилгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Кейинчалик Қашқадарё Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бу хабарни рад этиб чиқди.
LiveБарчаси