Ким Пхеньяндаги сўнгги ҳарбий ўзгаришларни текширди
Олам
−
13 Сентябрь 2025 4255 2 дақиқа
Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин Пхеньяндаги Мудофаа институтларига ташриф буюриб, энг янги ҳарбий технологиялар, жумладан, зирҳли ва фаол мудофаа тизимларининг ривожланиши билан танишди. Бу ҳақда Корея марказий ахборот агентлиги хабар берди.
Ким Чен Ин 11 ва 12 сентябрь кунлари Миллий Мудофаа Академияси қошидаги Зирҳли мудофаа қуроллари илмий-тадқиқот институти ва Электрон қуроллар илмий-тадқиқот институти ишини назорат қилди. Институт ва танк конструкторлик бюросининг қўшма тадқиқотлари натижасида яратилган асосий технологияларни ишлаб чиқиш бўйича маърузасини тинглади.
“Ўртоқ Ким Чен Ин зирҳдан мудофаа соҳасида олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари, жумладан, махсус композит зирҳларни ишлаб чиқиш, амалга оширишнинг якуний босқичидаги фаол мудофаа тизимини синовдан ўтказиш, ҳаводан ҳужумларни қайтариш учун ҳимоя тузилмаларининг турли лойиҳалари билан атрофлича танишди”, дейилади агентлик хабарида.
У аввалроқ ракета ишлаб чиқаришни кўздан кечирган ва ҳарбий машқларни кузатган эди. Агентликнинг таъкидлашича, мутахассислар қуйидагилар устида ишламоқда:
- Махсус композит зирҳ яратиш;
- фаол ҳимоя тизимининг синовларини якунлаш;
- ҳаво ҳужумларига қарши мудофаа тузилмаларини мустаҳкамлаш учун турли лойиҳалар.
КХДР етакчиси йўналтирилган инфрақизил нурланиш ва радиошовқинлар учун ускуналар, шунингдек, фаол ва пассив мудофаа тизимларининг муваффақиятли яратилиши ва жорий этилганини юқори баҳолади ва бу “мамлакат зирҳли кучларининг жанговар қобилиятини фавқулодда ошираётганини” таъкидлади.
Шу куни фронтал, ён ва юқори қисмлардан ўқ отишда энг янги фаол ҳимоя тизимининг кенг қамровли синовлари ўтказилган. Кейин Ким Чен Ин тегишли кўрсатмалар ҳам берди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шимолий Корея углерод толалари билан мустаҳкамланган композит материалдан фойдаланган ҳолда қаттиқ ёнилғи билан ишлайдиган ракета двигателини синовдан ўтказганди.
Live
Барчаси