Ким Чен Иннинг ваъдаси: кореялараро алоқа линияси тикланди
Олам
−
04 Октябрь 2021
7135Жанубий Корея ва Корея Халқ Демократик Республикаси бугун, 4 октябрь куни эрталаб алоқа каналлари ишини тиклади. Бу ҳақда Корея Республикаси Бирлашиш бўйича вазирлиги ва Жанубий Корея ҳарбийларига таяниб хабар берилган.
“Кореялараро алоқа линияси тикланди, соат 09:00 да (Тошкент вақти билан 05:00) очилиш қўнғироғи бўлди”, дейилган вазирлик хабарида.
Ҳарбийлар ўртасидаги манба, шунингдек КХДРнинг ғарбий ва шарқий ҳарбий йўналишдаги чақирувларга жавоб берганини тасдиқлаган.
Аввалроқ, Корея Халқ Демократик Республикаси етакчиси Ким Чен Ин жорий йил октябрь ойининг бошидан Жанубий Корея билан алоқа линиялари тикланиши мумкинлигини айтганди.
Эслатиб ўтамиз, Жанубий ва Шимолий Корея жорий йилнинг 27 июль куни муносабатларни тиклагани ҳамда 2020 йил июнида узилган кореялараро алоқа линиялари қайта ишга тушганини эълон қилганди. Аммо, август ойида Жанубий Корея ва АҚШ ўтказган қўшма ҳарбий машғулотлар фонида КХДР яна қўнғироқларга жавоб беришни тўхтатди. Чунки КХДР ва АҚШ ўртасидаги алоқалар яхши эмас. Иккала давлатнинг ҳам ядро қуролига эгалиги ўртадаги душманлик кайфиятининг омилларидан бири ҳисобланади.
LiveБарчаси