Ким Чен Иннинг синглиси АҚШга ташланди
Олам
−
10 Июль 2023
19169Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Иннинг синглиси, Корея Меҳнат партияси марказий қўмитаси бўлим бошлиғи ўринбосари Ким Ё Чжон Жанубий Корея Қуролли кучлари штаб бошлиқлари қўмитасини ўзини “АҚШ Мудофаа вазирлиги ёки АҚШнинг Ҳиндистон-Тинч океани қўмондонлигининг расмий вакили” сифатида тутишда айблади. Бу ҳақда бугун, 10 июль куни Корея марказий ахборот агентлигида эълон қилинган баёнотда сўз борди.
Гап шундаки, бугун, 10 июль куни эрталаб КХДР Мудофаа вазирлиги АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари томонидан мамлакат ҳаво ҳудуди бузилгани ҳақида расмий баёнот берган. КХДР Мудофаа вазирлиги расмийси Пхеньян ҳаво ҳудуди бузилган тақдирда АҚШ разведка самолётини уриб тушириши мумкинлигидан огоҳлантирган. Бунга жавобан Корея Республикаси штаб бошлиқлари қўмитаси ҳаво бўшлиғида ҳеч қандай қоидабузарлик кузатилмагани, парвоз оддий разведка операциялари доирасида амалга оширилганини айтган.
"Қандай томоша: жанубий кореялик “қўғирчоқлар” АҚШ ҳарбийлари томонидан КХДР суверенитетига жиддий тажовуз қилаётганини инкор этишга шошилишди. Ҳозирда Корея Республикаси штаб бошлиқлари ўзларини АҚШ Мудофаа вазирлиги ёки АҚШнинг Ҳиндистон-Тинч океани қўмондонлигининг расмий вакилидек тутмоқда. Корея Республикасини бошқараётган қабила, сиёсий ва ҳарбий гангстерларда ҳар қандай вазиятга ўз сўзини қўшиш одати бор. Буни қилмасалар, қандайдир қичима пайдо бўлади", деган Ким Ё Чжон.
У Америка разведка самолёти Шимолий Кореянинг эксклюзив иқтисодий зонаси устидаги ҳаво ҳудудини бузганини айтган ва кейинги бундай вазиятда кучли жавоб бериш ҳақида огоҳлантирган. Шунингдек, Ким Ё Чжон Шимолий Кореянинг эксклюзив иқтисодий зонаси “Америка полигони эмас”лигини таъкидлаган
“Душманнинг 200 миллик эксклюзив денгиз зонасига аниқлаш радиуси 240 милдан ортиқ бўлган асбоб-ускуналар билан бостириб кириши КХДР суверенитети ва хавфсизлигини очиқдан-очиқ қўпол равишда бузиш ҳисобланади. Шунинг учун Жанубий Кореянинг “қўғирчоқ жангчилари” оғзини юмишлари керак”, дейди Ким Ё Чжон.