Ким Чен Иннинг қизи яна омма олдида пайдо бўлди
Олам
−
28 Ноябрь 2022
7448Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин янги “Хвасон-17” қитъалараро баллистик ракетасининг муваффақиятли учирилиши муносабати билан ўтказилган тадбирга яна қизи Ким Чжу Э билан бирга ташриф буюрди. Бу ҳақда Asia News ахборот тармоғи хабар берган.
Унинг иккинчи марта пайдо бўлиши Ким Чен Иннинг давомчиси бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминларни кучайтирди. Аммо таҳлилчилар фикрича, бу эркаклар устунлик қиладиган Шимолий Кореяда мисли кўрилмаган кескин курашга олиб келиши мумкин.
Ким Чен Ин қизи ҳамроҳлигида “Қизил байроқ компанияси жангчилари”, мудофаа илмий-тадқиқот институти расмийлари, олимлар, техник ходимлар ва “Хвасон-17” қитъалараро баллистик ракетаси учирилишига “катта ҳисса қўшган” ўқ-дорилар заводи ишчилари билан биргаликда суратга тушган.
“Тарих ўргатган ҳақиқат шуки, биз кучсиз эмас, балки энг кучли бўлганимиздагина, курашлардаги куч-қудрат ғалабани ҳал қиладиган ҳозирги дунёда биз мамлакат ва миллатнинг бугуни ва келажагини ҳимоя қилишимиз мумкин булади”, дейди Ким Чен Ин ишчилар билан учрашувда.
Шунингдек, лойиҳада иштирок этган 100 дан ортиқ ходимларнинг лавозимини кўтариш тўғрисида қарор қабул қилинди. Қарорда Ким Чен Ин ядровий қурилишдан якуний мақсад дунёдаги энг қудратли стратегик кучга, асрда мисли кўрилмаган мутлақ кучга эга бўлиш эканини алоҳида таъкидлаган.
Маълумот учун, Ким Чен Иннинг уч нафар фарзанди бор – иккита қиз ва бир ўғил. Бироқ бир неча кун ичида Чжу Эни дунёга икки марта кўрсатиб, у ўзининг вориси бўлиши ёки етакчилик позициясини эгаллаши учун ўқитилиши мумкинлигини кўрсатди.
Эслатиб ўтамиз, Ким Чен Ин олдинроқ қизи ва турмуш ўртоғи билан “Хвасон-17” қитъалараро баллистик ракетасини синовдан ўтказган эди ва қизини биринчи маротаба дунёга кўрсатган эди.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси