Ким Чен Ин Шимолий Кореяда аҳвол ўта оғирлигини тан олди
Олам
−
07 Апрель 2021
25992Корея Халқ Демократик Республикаси (КХДР) етакчиси Ким Чен Ин мамлакатдаги вазият ҳар қачонгидан ҳам ёмонроқ эканини тан олди. Бу ҳақда Шимолий Кореянинг “Марказий телеграф” агентлиги хабар бермоқда.
Ким Чен Ин ҳукмрон Ишчилар партияси конференциясида сўзга чиқиб, мамлакат “мисли кўрилмаган, энг оғир” қийинчиликларга дуч келганини таъкидлаган.
Шимолий Корея раҳбари партиянинг қуйи синфларини аниқланмаган “камчиликлар” учун танқид қилган ва партия барқарор ҳамда соғлом ривожланиши учун хатоларларни зудлик билан тузатишга чақирган. КХДРдаги партия таркибига 5 дан 30 нафаргача одам киради. Улар фабрика ва бошқа жойларда иш жараёнини назорат қилувчи партиянинг энг кичик бўлинмалари ҳисобланади.
“Associated press” экспертларининг фикрича, пандемиянинг Шимолий Корея иқтисодиётига таъсири, шусиз ҳам ўнлаб йиллар давомида нотўғри бошқарувдан азият чекаётган иқтисодиёт ва АҚШ санкциялари КХДР раҳбарини фаолияти давомидаги энг қийин аҳволга солиб қўйган.
Жорий йилнинг февраль ойида Ким Чен Ин ўз маҳкамасини иқтисодий таназзуллар учун танқид қилиб, мамлакат иқтисодиётини сақлаб қолиш учун янги ғоялари йўқлиги сабаб бош иқтисодчини ишдан бўшатганди.
Таҳлилчилар Шимолий Корея иқтисодиётини чиндан ҳам жонлантириш учун мамлакат фабрикаларига замонавий ускуналар ва технологиялар киритиш, шунингдек кўпроқ озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилиш ёки фермер хўжаликлари маҳсулдорлигини ошириш кераклигини таъкидламоқда.
БМТ маълумотларига кўра, 2019 йилда КХДР аҳолисининг 40 фоизи озиқ-овқатга муҳтож яшаган.
LiveБарчаси