ХЖС прокурори Мьянма президентини ҳибсга олишга ордер сўради
Олам
−
27 Ноябрь
3848Гаагадаги Халқаро жиноий суд (ХЖC) прокурорлари Судгача бўлган палатадан Мьянма президенти вазифасини бажарувчи, катта генерал Мин Аун Хлайнни ҳибсга олишга ордер беришни сўради. Бу ҳақда суд прокурори Карим Хон баёнот берди.
Унинг сўзларига кўра, кенг қамровли, мустақил ва холис терговдан сўнг прокуратура Мин Аун Хлайнни 2017 йил 25 августдан 2017 йил 31 декабргача Мьянма ва Бангладешнинг айрим ҳудудларида роҳинжаларни депортация қилиш ва таъқиб қилиш каби “инсониятга қарши жиноятлари учун жиноий жавобгарликка тортишга асослар бор” деган хулосага келган.
“Сўров гувоҳларнинг кўрсатмалари, ҳужжатлар ва тасдиқланган илмий, фото ва видео материаллар каби кўплаб манбалардан олинган кенг кўламли далилларга асосланади”, дея қўшимча қилди Хон.
Бу Мьянмадаги вазият бўйича тергов доирасида ХЖС прокуратураси чиқармоқчи бўлган биринчи ҳибсга олиш ордеридир. Бироқ прокурор келажакда янги сўровлар киритилишига ишонч билдирди.
Мьянмадаги вазият 2017 йил август ойида 2013 йилда тузилган “Роҳинжаларни қутқариш Аракан армияси” жангарилари Ракхайн штатидаги 30 та полиция таянч пунктига ҳужум уюштирганидан сўнг кескинлашган.
Шундан сўнг республика хавфсизлик кучлари минтақада ҳарбий амалиёт бошлади. Ўтмишда Ракхайнда бир неча бор диний низолар авж олган ва бу роҳинжа мусулмонлари ва маҳаллий буддистлар ўртасида тўқнашувларга сабаб бўлган. Расмий маълумотларга кўра, зўравонликнинг янги тўлқини 400 дан ортиқ одамнинг ўлимига сабаб бўлган, БМТ ҳисоб-китобларига кўра, 740 мингдан ортиқ роҳинжалар Бангладешга қочиб кетган.
2019 йилнинг ноябрь ойида Халқаро Суд прокуратураси Бангладеш ва Мьянмадаги роҳинжа халқи билан боғлиқ вазият бўйича тўлиқ тергов ўтказилишини маъқуллади. Бунинг олдидан Мьянма ХЖС аъзоси эмаслиги, Бангладеш эса ХЖС аъзоси экани инобатга олиниб, суд вазиятга аралашиш ҳуқуқига эгами ёки йўқми деган узун муҳокамалар бўлиб ўтди. Охир-оқибат, суд зарурий юрисдикцияга эга деган хулосага келди.
Маълумот учун, Гаагадаги Халқаро жиноий суд 2023 йилда Россия Президенти Владимир Путинни ҳам ҳибсга олиш бўйича халқаро ордер берган эди. Жорий йил ноябрь ойида эса ХЖС Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ва мамлакатнинг собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни ҳибсга олишга ордер берди.
LiveБарчаси