ХВЖ Украинага 880 миллион доллар миқдорида кредит транши ажратилишини маъқуллади
Олам
−
22 Март
3413Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) Киевга 880 миллион доллар миқдорида кредит транши тақдим этилишини маъқуллади. Бу ҳақда жамғарма пресс-релизида айтилади.
"Гарчи уруш билан боғлиқ омиллар қайта пайдо бўлсада ва истиқбол жуда ноаниқ бўлиб қолаётган бўлсада 2023 йилда Украина иқтисодиёти ажойиб барқарорликни намойиш этди, дейилади ҳисоботда.
Ташкилотга кўра, Украинада кенгайтирилган молиялаштириш дастурининг биринчи йилида биттасидан ташқари барча миқдорий кўрсаткичларга эришилган.
Шу билан бирга, Халқаро валюта жамғармаси Ижроия кенгаши Украина ҳукуматининг солиқ тушумлари бўйича декабрь ойидаги самарадорлик мезонига риоя қилмаслик тўғрисидаги илтимосини маъқуллаган.
“Россия босқинчилиги Украинага катта ижтимоий ва иқтисодий йўқотишлар келтиришда давом этмоқда. Бироқ, макроиқтисодий ва молиявий барқарорлик Украина расмийларининг моҳирона сиёсати, шунингдек, сезиларли ташқи ёрдам туфайли сақланиб қолди. Иқтисодиёт барқарорлигини исботлади ва макроиқтисодий кўрсаткичлар 2023 йилда кутилганидан кучлироқ бўлди. Украинанинг дастур бўйича ўз мажбуриятларини бажариши юқорилигича қолмоқда”, дейди жамғарма раҳбари Кристалина Георгиева.
Унинг қўшимча қилишича, ўзининг молиявий эҳтиёжларини қондириш ҳамда фискал ва қарз барқарорлигини таъминлаш учун Украина солиқ базасини йўқ қиладиган чоралардан қочиб, даромадларни кўпайтиришга муҳтож.
Маълумот учун, Украинага 900 миллион доллар миқдоридаги олдинги кредит транши жамғарма томонидан 2023 йил декабрида тасдиқланган.
LiveБарчаси