ХВЖ Украинага 500 млн доллар кредит ажратди

Олам

image

Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) Украинага кенгайтирилган кредитлаш механизми (EFF) доирасида 500 миллион доллар миқдоридаги навбатдаги кредит тўловини тасдиқлади. Бу ҳақда жамғарма матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур тўлов Украинага бюджетни қўллаб-қувватлаш мақсадида ажратилади. Шу билан 2023 йил 31 мартда тасдиқланган EFF дастури доирасида ХВЖ томонидан ажратилган жами маблағ миқдори 10,6 миллиард долларга етган.

Қолаверса, 30 июнь куни Украина Молия вазирлиги мамлакат давлат қарзига оид 665 миллион долларлик тўловни амалга оширмаслигини маълум қилди. 

2024 йилда тўланиши керак бўлган ушбу қарзга 2023 йилги иқтисодий ўсиш сабаб бўлган. Бироқ Украина расмийлари ҳали ҳам мўлжалланган облигациялар бўйича мораторийни кучда сақламоқда ва бу мораторий қарзлар тўлиқ реструктуризация қилинмагунча давом этишини билдирган.

Молия вазирлигига кўра, ушбу тўловни амалга оширмаслик давлатнинг молиявий барқарорлигига хавф туғдирмайди, чунки 2023 йилда кредит берувчилар билан тузилган келишувда бу қарзни ўз вақтида тўламаслик “кросс-дефолт” (бошқа қарзлар бўйича автоматик бузилиш) ҳолатига олиб келмаслиги кафолатланган.

Июнь ойида Украина Европа Иттифоқидан 1 миллиард евро миқдорида навбатдаги ёрдам тўловини қабул қилиб олди. Бу маблағ Россия активларидан олинаётган даромадлар қайта инвестиция қилиниши орқали ҳосил бўлган. Украина Бош вазири Денис Шмигал бу Европа Иттифоқидан олинган бешинчи шунга ўхшаш тўлов эканини маълум қилиб, уни давлат бюджетининг муҳим харажатларига йўналтирилишини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер Украинага 70 миллион фунт стерлинг қийматидаги ҳаво ҳужумидан мудофаа ракеталарини топширишни эълон қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Украина Халқаро валюта жамғармаси EFF

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг