ХВФ Мирзиёевнинг ислоҳотларини қўллашга тайёрлиги айтилди
Жамият
−
06 Июнь 2023
5543Бугун, 6 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрида Халқаро валюта фонди (ХВФ) бошқарувчи директори Кристалина Георгиевани қабул қилди.
Томонлар орасидаги музокараларда Ўзбекистон билан Халқаро валюта фонди ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни, жумладан, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, пул-кредит ва фискал сиёсатни такомиллаштириш борасидаги ислоҳотлар каби устувор йўналишларни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган.
Шунингдек, кейинги йилларда ХВФ билан ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашгани қайд этилган. Бу даврда фонднинг 70 дан ортиқ миссияси Ўзбекистонда бўлган.
ХВФ раҳбари Кристалина Георгиева Ўзбекистондаги ислоҳотлар дастурини тўлиқ қўллаб-қувватлаган ҳамда унинг амалга оширилишига бундан буён ҳам кўмаклашишига тайёрлигини билдирган.
Бундан ташқари, томонлар глобал иқтисодиёт ва барқарор тараққиётга оид долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашган.
Шу билан Ўзбекистон Президентининг Самарқандга ташрифи якунланиб, давлат раҳбари Тошкентга қайтиб келган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 5 июнь куни Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон-Қатар саммитида иштирок этиш учун Самарқандга жўнаб кетганди. Ўзбекистон етакчиси 5-6 июнь кунлари шаҳарда Қатар Давлати Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний Олий даражадаги музокаралар ўтказди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь