ХТВ мактаб таътилларини ўзгартириш ҳақидаги таклифга жавоб қайтарди

Жамият

image

Ўзбекистонда мактаб ўқувчиларининг куз-қиш мавсуми даврида ўқув машғулотларига қатнашидаги қатор ноқулайликлар, мактаблар масофасининг узоқ радиусда жойлашгани, ички йўллардаги ҳолат ва бошқа қатор сабаблар туфайли мактабларда бериладиган таътиллар даврига ўзгартириш киритиш таклифи берилгани хабар қилинганди.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги мазкур таклифлар юзасидан ўз муносабатини билдирди ва мактаб таътиллари муддати ўзгартирилмаслигини маълум қилди.

“Ҳурматли ОАВ вакиллари, азиз ота-оналар шу кунларда мактабларда учта таътил ўрнига узайтирилган қишки таътилни жорий этилаётгани, биринчи ва сўнгги қўнғироқ кунлари ўзгараётгани юзасидан кўплаб саволлар келиб тушмоқда.

Даставвал таклиф Халқ таълими вазирлиги томонидан билдирилмаганини маълум қиламиз. Айтиш жоизки, мактаб таътилларини ўзгартириш бўйича таклифлар аввал ҳам билдирилган. Бироқ, амалдаги давлат таълим стандартлари ўқувчиларнинг ўзлаштириш имконияти ва психологиясига мослаштирилган ҳолда ишлаб чиқилгани сабабли улар қабул қилинмаган. Узлуксиз 4-5 ой давомида таълим олиш, яъни қайсидир таътилни бекор қилиш эвазига бошқасининг узайтирилиши ўқувчиларнинг дарс машғулотларини ўзлаштиришига салбий таъсир кўрсатишини қайд этмоқчимиз”, дейди ХТВ Матбуот котиби Лайло Рустамова.

Қайд этилишича, амалдаги давлат таълим стандартларига мувофиқ, ўқув йили 2 сентябрдан 25 майга қадар давом этади. Ўқув йили 34 ҳафтадан иборат, 4 та чоракка бўлинган. Ўқувчиларнинг таътил вақтлари, дарс машғулотлари давомийлиги амалдаги санитария меъёрлари асосида Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорида белгилаб қўйилган Низомга мувофиқ амалга оширилади.

“Таътил вақтларини ўзгартириш юзасидан билдирилаётган таклифларга жавобан мактабларни иситишдан кўра, совитишга кўпроқ энергия ресурслари талаб этилишини қайд этиб ўтмоқчимиз”, дея таклиф қабул қилинмаганини таъкидлади Рустамова.

Аввалроқ, жорий йилда умумтаълим мактабларида қишки таътил одатдагидек 27 декабрдан эмас, барвақтроқ бошланиши ҳақида хабар берган эдик.


Мақола муаллифи

Теглар

мактаб таътил

Баҳолаганлар

710

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг