Хотинини ўлдирганликда гумонланаётган собиқ вазир умрбодга қамалиши мумкин
Олам
−
01 Декабрь 2023
13399Аввалроқ Қозоғистон Республикасининг собиқ Миллий иқтисодиёт вазири Куандик Бишимбаев ўз рафиқасини ўлдиришда гумонланиб ҳибсга олингани ҳақида хабар берган эдик. Собиқ вазир умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. Бу ҳақда “Tengrinews” хабар берди.
“Куандик Бишимбаевга нисбатан ўта шафқатсизлик билан содир этилган қотиллик моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилди. Унинг қариндоши ҳам ушбу жиноятни яширгани ва жиноят ҳақида милицияга хабар бермагани учун ушланиб, вақтинчалик сақлаш изоляторига жойлаштирилди”, дейди Қозоғистон Бош прокурори ўринбосари Жандос Умиралиев.
Ушбу воқеа ортидан жорий йилнинг 14 ноябрь куни қотиллик содир этилган жой – “Гастромарказ” директори ҳам икки ойга ҳибсга олинганди. Ушбу марказ раҳбари собиқ вазирнинг қариндоши.
Жандос Умиралиевнинг сўзларига кўра, ўша куни у Бишимбаев билан бирга бўлган ва оғир жиноят содир этилгани ҳақида милицияга хабар бермаган. Қолаверса, бу жиноятни яширишга ёрдам берган.
“Orda.kz” нашрининг ёзишича, ўлдирилган аёл Салтанат Нукенова бўлиб, у Куандик Бишимбаевнинг иккинчи хотини бўлган.
Аввалроқ Остона полицияси Салтанат Нукенованинг ўлдирилиши бўйича Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 99-моддаси 1-қисми (Қотиллик) бўйича жиноий иш қўзғатилгани ҳақида хабар берган эди.
Аммо ҳозирда Бишимбаев Жиноят кодексининг 99-моддаси 2-қисми 5-банди (Ўта шафқатсизлик билан содир этилган қотиллик) бўйича тергов қилинмоқда. Ушбу моддада мол-мулки мусодара қилинган ёки мусодара қилинмаган ҳолда 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган.
Маълумот учун, 43 ёшли Куандик Бишимбаев турли вақтларда Президент ёрдамчиси, Саноат ва савдо вазири ўринбосари, Савдо ва иқтисодий ривожланиш вазири ўринбосари, “Самрук-Казина” жамғармаси раиси ўринбосари, “Байтерек” холдинги бошқаруви раиси бўлган.
2016 йилнинг майидан декабригача Қозоғистон Миллий иқтисодиёт вазири бўлган. 2017 йилнинг январида у ўғирликда айбланиб ҳибсга олинган, 2018 йил март ойида эса 10 йилга озодликдан маҳрум этилган.
Кейинчалик унинг жазо муддати икки бараварга қисқартирилган ва 2019 йилнинг октябрида Бишимбаев озодликка чиққан.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь